Қаршида доривор ўсимликлар ярмаркаси ўтказилди
Китоблик Мелиқул Холов халқ табобати бўйича катта билим ва тажрибага эга. У Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси аъзоси. Кўп йиллардан буён табиблик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.
2017 йилнинг 24-25 февраль кунлари Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг тоғли ҳудудлари, ўрмон хўжаликлари ер майдонларида доривор ўсимликларни етиштириш бўйича берган топшириқлари Мелиқул Холовни ҳам янги ташаббусга ундади. Ҳудуддаги поёнсиз тоғ ёнбағирларидан 1000 гектар ер олиб, доривор гиёҳлар етиштиришни йўлга қўйди.

Ҳозирги кунда 38 турдаги доривор гиёҳларни етиштираяпмиз, — дейди Мелиқул Холов. – Уларнинг ичида маҳаллийлари ҳам, хориждан олиб келиб, ўзимизнинг шароитга мослаштирганларимиз ҳам бор. Масалан, чаканда (облопеха) мойи тиббиётда жуда кўп касалликларни даволашда кенг қўлланилади. Бироқ чаканда бутаси бизда ўсмасди. Унинг уруғини хориждан олиб келиб, кўпайтирдик. Ҳозирги кунда 10 гектар ерга чаканда парваришлаяпмиз. Худди шунингдек, 12 гектар ерда анзурпиёз, 60 гектар ерда буйрак чой, 4 гектар ерда сумах етиштиришни йўлга қўйганмиз. Буларнинг барчасини хориждан олиб келиб кўпайтирдик.

Бугунги кунда Мелиқул Холов раҳбарлик қилаётган “Камар дориворлари” масъулияти чекланган жамияти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга йилига 450-500 миллион сўмлик доривор гиёҳлар етказиб бермоқда. Энг муҳими, фаолиятни янада кенгайтириш, маҳсулот экспортини амалга ошириш имкони бор.
Қарши шаҳрида ташкил этилган доривор гиёҳлар ярмаркаси Мелиқул Холов каби хомашё етиштирувчилар ҳамда қайта ишловчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши, янги ҳамкорлар топиши учун муҳим восита бўлди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган ярмаркада вилоятдаги ўттиздан ортиқ доривор гиёҳлар етиштирувчи хўжаликлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хом ашёни қайта ишловчи ҳамда экспортёр корхоналар вакиллари иштирок этди.
Томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг