Қалбларга умид чироғини ёққан манзилли ёрдам
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ҳар бир инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, унда берилган бир ёрдам, айтилган бир илиқ сўз бутун ҳаётни ўзгартиришга қодир. Денов туманида фаолият юритаётган «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар орқали инсонларнинг ҳаётига нур улашмоқда. Зеро, инсон қадри эъзозланган замонда кўрсатилаётган ёрдам кўнгилга етиб боради.
Марказ иши фақат «моддий ёрдам кўрсатиш» билан чекланиб қолмаяпти. Бу — одамларнинг дардини эшитиш, улар билан бирга яшаш, бирга ҳис қилиш муҳимроғи, уларни унутиб қўймасликда ҳам намоён бўлмоқда. Зилола Қодирова — марказнинг фаол ижтимоий ходимларидан бири. Унинг ташаббуси билан Шахринав маҳалласида яшовчи Ахтам Бобоёров оиласига кўп томонлама ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Оила «Камбағал оилалар реестри»да туради. Ахтам ака ҳаётнинг кўп аччиқ қисматларини тотди. Бевақт оламдан ўтган ўғлидан қолган набирасига васийлик қилиш ҳам Ахтам аканинг зиммасида эди. Соғлигидаги муаммолар боис жисмоний меҳнатдан чекланди. Бу оилани камбағаллик домига тортди.

Оиладаги муҳитдан яхши хабардор ижтимоий ходим саъй-ҳаракати билан ҳомийлар ёрдамида томорқадаги бўш турган ерга экин экилди, уй таъмири учун моддий ёрдам ажратилди. Набираси шахмат тўгарагига жалб қилинди. Оила аъзолари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, болалар нафақаси ва «камбағаллик эътирофи» гувоҳномаси расмийлаштирилди.
— Оиламизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар учун аввало, Юртбошимиздан миннатдорман, — дейди Ахтам Бобоёров. — У кишининг инсонпарвар сиёсати туфайли бугун дардимизни эшитадиган, беминнат кўмак кўрсатадиганлар бор. Зилолахон тез-тез уйимизга келади, ҳолимиздан хабар олади. Бирор ёрдам кераклигини сезса, дарҳол ёрдамга шошади.

Бугун Тотувлик маҳалласида одамлар тотувлигини ҳис қилишида маҳалланинг ижтимоий ходими Феруза Раимқулованинг хизмати катта. У ҳар куни уйма-уй юриб, кўмакка муҳтожлардан ҳол сўрайди. Ёрдамга муҳтож оилаларга ўз вақтида хизмат кўрсатади. 1-гуруҳ ногирони Маҳмуд Тураев қўлтиқтаёққа эҳтиёжи бор эди. Фақат ушбу мосламани бериш билан чекланилмади. Унга уйида қараб туриш хизмати йўлга қўйилди. Оиласи учун болалар нафақаси тайинланди. Электр энергияси учун тўловлар ҳам қоплаб берилди. Санаторийда даволаниш учун навбатга қўйилди.
Шу маҳаллада яшовчи Олим Нурматовнинг вафот этган қизидан қолган икки нафар набираси учун васийлик расмийлаштирилди. Ногирон укасига кундузги парвариш хизматлари ташкил этилди. Бу ёрдамлар статистика учун қилинаётган ишлар эмас. Аксинча, одамлар ҳаётида «инсон қадри устувор» тамойилининг амалдаги ифодаси, кундалик ишга айланган эзгу ишларнинг натижасидир. Бу ижтимоий ходимлар — фақат хизматчи эмас, балки қалб шифокори, сукунатни бўлувчи нурли элчиларга айланаётганига бир мисол. Денов туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг бу ишлари нафақат ёрдам, балки «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази фаолияти инсонга инсон сифатида муносабат қилиш, унинг юрагига етказиладиган меҳрни асос қилган. Бу одамлар қалбида умид ва ишонч уйғотмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг