Қадрини топмаётган Ўзбек ҳаммоми

14:53 26 Февраль 2026 Жамият
600 0

Бугун Қашқадарё вилоятининг сайёҳлик салоҳияти ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдида Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб ва Қамаши туманларининг тоғли ҳудудларидаги сўлим ва баҳаво манзиллар, Шаҳрисабз шаҳридаги тарихий масканлар жонланади. Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ, Китоб туманидаги Ҳазрати Башир, Қарши туманидаги Абул Муин ан-Насафий, Касби туманидаги Султон Мирҳайдар, Косон туманидаги Қусам шайх ҳамда Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳларини ҳам хорижий ва маҳаллий сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган обидалар сирасига киритиш мумкин.

Бироқ вилоятнинг туризм соҳасидаги имкониятлари фақат шу билан чекланиб қолмайди. Ҳудудда тарихийлиги ва ўзининг ноёб архитектура ечимлари билан сайёҳларни жалб этиши мумкин бўлган яна 500 га яқин қадамжолар, обидалар мавжуд. Афсуски уларнинг аксари бугун эътибордан четда қолиб, қадрини топмай келаётир.

Ана шундай обидалардан бири Қарши шаҳрининг эски шаҳар қисмида жойлашган Ўзбек ҳаммоми (халқ тилида Қарши ҳаммоми)дир. Меъморчиликнинг ноёб намунаси бўлган ушбу ҳаммом Абдуллахон II даврида, 1592-1593 йилларда қурилган. У нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёдаги шу вақтга қадар бус-бутун сақланиб қолган кам сонли тарихий ҳаммомлардан бири ҳисобланади. Ҳаммомнинг архитектура ечими шу даражада пухта ишлаб чиқилганки, унда иссиқликни таъминлаш, табиий ва жуда содда усулда амалга оширилган. У ер сатҳидан 3 метр пастда қурилган. Бу уни доимо иссиқ сақлаш имконини берган. Асосий бино тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг бўйламасига бешта ва энига учта хона жойлашган. Хоналар энг йирик гумбазли (баландлиги 5,6 метр) марказий зал атрофида уюшган.

Ичкарига кириб бораркансиз, дастлаб анча салқин ечиниш хонасига дуч келасиз. Кейингиси дам олиш хонаси бўлиб, ундаги мўътадил ҳаво баданни иссиқ ёки совуққа мослаштирган. Марказий зал катта гумбаз ёки миёнсарой уқалаш ва ювинишга мўлжалланган. Миёнсарой қаршисида энг иссиқ хона сувли ховуз билан туташ гармхона мавжуд. Ундан сўнг совуқ ва иссиқ сувли ховузларга туташ совуқхона (хунукхона) унинг ёнида эса мўрча жойлашган.

Бино деворлари сув ўтказмайдиган қир қоришмаси билан сувалган. Канализация тизими ганч қоришмали пишиқ ғиштдан тахланган. Ҳаммомда тагхонадан ёқилган олов туфайли қизитадиган иссиқ тош мавжуд бўлган. Баъзи бел, суяк оғриғига дучор бўлган кишилар шу иссиқ тош устига ётишган ва шифо топишган. Шундай ноёб ва катта тарихий қийматга эга бўлган обида бизга қадар деярли бутун етиб келган. Лекин унинг бугунги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. Тўғри, ҳовлиси чиқиндилардан тозаланиб, эшигига қулф осиб қўйилибди. Аммо гир атрофини аста-секин янги қурилишлари, тадбиркорлик объектлари ўраб олмоқда.

Эътиборли томони, ўзбек ҳаммомидан ярим чақирим масофада Одина масжиди, Қиличбек, Бекмир, Абдулазизхон мадрасалари жойлашган. Уларнинг ҳар бири тарихийлик жиҳатдан жуда катта қийматга эга. Бундан фойдаланиб, уларни яхлит бир сайёҳлик мажмуасига, доимо гавжум манзилга айлантириш мумкин. Лекин негадир бу имкониятлар мутасаддиларни асло қизиқтирмаяпти. Агар эътибор қаратилса, вилоят нафақат маданий меросини сақлаб қолади, балки сайёҳлик соҳасида ҳам муҳим ўсишни таъминлаган бўларди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?