Қадимий қўлёзмаларни қадрлайлик

11:04 26 Февраль 2026 Жамият
316 0

Ўтган асрнинг 30 – йилларида Бухоро давлат педагогика институтида фаолият юритган Воҳид Абдуллаев қадимий қўлёзма китоблар дарагини эшитиб, Ғиждувон туманидаги Гаждумак қишлоғига йўл олади. Ёш олим қишлоқ масжиди қошидаги суви саёз тортган қудуққа ташланган китобларни бағрига босиб шаҳарга қайтади.

Ўша кезлар собиқ шўро тузумининг динга қарши кураш ниқоби остидаги зуғумлари авж паллага чиққан, одамлар қатағонга учрашдан чўчиб, арабий ёзувдаги неки китоб бор уни кўздан яшириш пайида эди. Афтидан, шу қўрқув сабаб кимдир китобларни қудуққа ташлаган. Буни қарангки, уларнинг халоскори Воҳид Абдуллаев кейинчалик мумтоз адабиётимизнинг етук тадқиқотчиси, академик, Самарқанд давлат университетида қарийб қирқ йил давомида талабаларга сабоқ берган аллома сифатида дунёга танилди. Қишлоқ қудуғидан топилган қўлёзма асарлар ва бошқа манбалар асосида “XVII – XVIII асрлар Хоразмда ўзбек адабиёти” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шу тариқа Хоразм адабий муҳитида камол топган қатор шоирлар номи кашф этилди. Уларнинг адабий меросидан халқимиз баҳраманд бўлди.

– Шу биргина мисол ҳам қадимий қўлёзмаларнинг халқимиз бой маданий меросида жуда катта ўрин тутишини кўрсатади, – дейди бухоролик тадқиқотчи Аҳтам Аҳмедов. – Ўзлигимизни англаш учун бу меросни ўрганиш, диний ва дунёвий тафаккур эволюциясини билиш, тадқиқ қилишга зарурият кучаймоқда. Шу маънода қадимий қўлёзмаларни бебаҳо хазина ўрнида кўриб, асраб-авайлаш ва келгуси авлодга етказиш ҳам долзарб юмуш саналади.

Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот – кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлимида араб, форс-тожик ва туркий тиллардаги шундай нодир адабиётларнинг 872 таси сақланмоқда. Маскан биносининг реконструкция қилиниб, таъмирдан чиқарилгани туфайли уларни асраб-авайлаш борасида қулайликлар юзага келди. Жумладан, китоб жавонлари давлат стандартларига жавоб беради. Одатда, бундай жавонлар полдан камида 15 сантиметр юқорида турмоғи керак. Ҳар токчада тўрттагача китоб қўйилиши мумкин. Қолаверса, хонадаги намлик, ёруғлик даражаси белгиланган меъёрда бўлмоғи шарт. Бу ерда шу талабларга риоя этиляпти.

– Ҳар бир китоб тури ва қайси тилдаги эканлигига қараб токчаларга қўйилган, – дейди кутубхона ходимаси Гулбаҳор Исомова. – Шунингдек, қўлёзма манбалар алоҳида, тошбосма китоблар алоҳида турибди. Бу фойдаланувчиларга керакли адабиётни зудлик билан тақдим қилиш имконини бермоқда.

Бухорода ўз тадқиқотчисини кутаётган ноёб қўлёзма асарлар жуда кўп. Шуларнинг оз эмас, кўп эмас 7 мингтаси Бухоро давлат музей – қўриқхонасида сақланмоқда. Улар орасида Шарқда яшаб ижод этган, жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшган олиму фузалоларнинг маданият, санъат, математика, ҳандаса, тиб илми, биология, ботаника, география, кимё, астрономия, астрология, мантиқ, фалсафа, хаттотликка оид ноёб асарлари бор.

– Асосий вазифамиз бу асарларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, тадқиқотчилар учун қулайликлар яратиб беришдан иборат, – дейди музей – қўриқхона бош муҳофизи Фируза Шаропова. – Мазкур фонд яқин-яқингача Бухоро санъат музейида жойлашганди. Музей биноси таъмирланаётгани туфайли қадимий ёзма манбаларни вақтинча бу ерга кўчиришга тўғри келди.

Музей – қўриқхона кўҳна Арк қўрғонида жойлашган. Табиийки, бу ердаги иншоотлар қадимий осори атиқалар, хусусан, қўлёзма китобларни сақлашга мўлжалланмаган. Ваҳоланки, айримларининг ёзилиш санаси VI –VIII асрларга бориб тақаладиган китобларни намлик, чанг-ғубор, ҳашаротлар зуғумидан асрашнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, бу адабиётлар ҳозир қўлбола усулда тайёрланган жавонларда турибди. Фонд ҳар уч ойда ҳашаротларга қарши курашиш учун махсус дориланади. Бундай пайтда қўлёзмадан фойдаланувчиларга ҳам, уларга хизмат кўрсатувчига ҳам осон тутиб бўлмайди. Чунки дори кишида аллергия қўзғатади. Ҳолбуки, бундай профилактик юмушларни бажариш учун махсус лаборатория керак.

Бебаҳо хазинани асраб-авайлаш, нодир адабиётларни тадқиқ этиш учун Бухорода барча талабларга жавоб берадиган бино қуриш мавриди аллақачон келди. Вилоят раҳбарлари шу ҳақда ўйлаб кўришса айни муддао бўларди. Бу давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 февралидаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган мақсадга ҳам мос тушарди.

– Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, пойтахтдаги бир қатор муассасалар билан бирга вилоятлар орасида фақатгина Бухорода “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратура босқичлари учун зарур квота ажратилмоқда, – дейди Аҳтам Аҳмедов. – Шунингдек, БухДУ да “Бухоро тарихи” кафедраси иш бошлади. Мазкур даргоҳда “Ислом тарихи ва манбашунослиги” таълим йўналиши очилди. Бевосита президентимиз ташаббуси билан Мир Араб олий мадрасаси фаолияти йўлга қўйилди. Табиийки, бу даргоҳларда таҳсил олаётган илму толиблар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун қадимий ёзма манбалар сув ва ҳаводек зарур. Улар назарий билимларини айнан қўлёзма манбалар асосида мустаҳкамлашади. Амалиётни фондларда ўташади. Акс ҳолда улар арғумоқни кўрмаган чавандозга айланиб қолишлари тайин.

Бинобарин, нодир қўлёзма асарларни Бухорода сақлаш ҳаётий заруратдир. Қолаверса, араб тили ва ёзувини чуқур биладиган мутахассислар, шунингдек, библиографлар, китоб реставраторлари тайёрлаш, бу тоифадаги кадрларнинг маошини ошириш, моддий таъминотини яхшилаш масалалари ҳам бор. Уларга оқилона ечим топмай туриб аждодларимиздан бизга мерос ноёб китобларни келажак авлодга бус-бутун етказишни тасаввур этмоқ мушкул.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?