Президент: Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўтган даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсгани, йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши қайд этилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишидаги нутқида айтиб ўтди.
Президентимиз таъкидлаганидек, янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилди.
Аввало, ўтиш даврининг муҳим инструменти бўлган манзилли ижтимоий дафтарлар жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинди.
Масалан, пандемия даврида 800 минг оилага бепул дори-дармон, 255 минг оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, яна 1 миллион 200 минг оилага ижтимоий нафақалар берилди.
Натижада 5 миллион 200 минг нафар одам “камбағаллик қопқони”га тушиб қолишдан ҳимоя қилинди ва шу билан бирга, иқтисодий рецессиянинг олди олинди.
Президентимиз жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани ўзини ҳар томонлама оқлаганини таъкидлади.
Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаш, даромадини ошириш учун етарли ресурс ажратилди. Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтирилмоқда.
Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ер ажратишнинг янги механизми жорий қилинди. Бу ишлар 800 минг одамнинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.
Лидер тадбиркорлар кўмагида томорқада сердаромад экинларни экиш ва кафолатли сотиб олиш тизими йўлга қўйилди.
“Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти.
2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор”, деди Президент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг