Президент хонқалик деҳқон аёлнинг меҳнатини эътироф этди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуф” оилавий фермер хўжалиги даласида бўлди.
Унинг раҳбари Ойимжон Отажанова 73 ёшда. Қўли гул бу аёл кўчатчилик билан шуғулланаётганига қирқ йилдан ошган. Хўжаликнинг 3 гектар майдонида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади. Яна икки гектарда эса боғдорчилик қилинади. Бундан ташқари, 12 сотих иссиқхонада 40 турдаги гул кўчатлари етиштирилади. Иссиқхона замонавий сув тежамкор технологиялар билан таъминланган бўлиб, унинг ҳар бир бўлимида кўчатларнинг тури ва ҳусусиятидан келиб чиқиб зарур микроиқлим яратилган.
Серғайрат онахон оила аъзоларини ҳам шу ишга бошлаган. Йилига 50 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўстириб, сотилади. Уларнинг йиллик даромади бир миллиард сўмдан ортади.
Эътиборли жиҳати, бу ерда етиштирилаётган кўчатлар қўшни ҳудудлар, Қозоғистон ва Туркманистонга ҳам етказиб берилмоқда.
Боғ жойлашган Гулистон маҳалласида 7 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ёшлар ва хотин-қизларга ибрат бўлиб, уларни иш билан таъминлашда онахоннинг хизматлари катта. У хозиргача 200 дан ортиқ шогирд етиштирган, 300 нафар ишсиз фуқарони кўчатчиликка ўргатган.
Маҳалладаги 70 фоиз хонадон билан касаначилик йўлга қўйилган.
Фидойи деҳқон бу йил тумандаги барча мактаб ва боғчаларга 2 минг дона қарағай кўчатини беғараз тарқатиб, “Яшил макон” лойиҳасига, юртимиз ободлигига ҳисса қўшди.
Бандлик вазирлиги ва банк билан ҳамкорликда хўжаликнинг ёндош ҳудудида ўқув маркази очилган. Унда хўжалик тажрибаси асосида хонадонлардаги самарасиз томорқадан йил давомида даромад олишга ўргатилмоқда. Натижада маҳаллаларда омилкорлик кенгайиб, оилаларга қўшимча даромад кирмоқда.
Ушбу хизматлари, меҳнатсеварлиги ва ёш авлодга намуналигини инобатга олиб, Президентимиз Ойимжон Отажановани “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони билан мукофотлашга қарор қилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг