Президент «Гарвардчилар мактаби»ни очиш бўйича катта фармон имзолади

15:05 15 Май 2025 Жамият
156 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида четда ўқиётган ёшларимизнинг атиги 1 фоизи “Топ-100”даги олийгоҳларга киргани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, “Топ-10” билан “Топ-200”даги таълим нархи бир биридан атиги 15-20 фоизга фарқ қилади.

“Ёшларимиз жуда иқтидорли. Уларни тизимли йўналтириб, олийгоҳ танлашга кўмаклашиб, мақсадли тайёрлашни йўлга қўйсак бўлди, кўрсаткичларимиз каррасига ошади”, деди Президент.

Давлатимиз раҳбари “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурини бошлаш ва “Гарвардчилар мактаби”ни очиш бўйича катта фармон имзолаганини айтди.

Бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади. Бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, халқаро мактабда “Топ-10” олийгоҳларига мақсадли тайёрланади.

Бундан ташқари, Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади.

Миллий дастур асосида маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиб, АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби олийгоҳларига тайёрлайди.

Жорий йилда янги мактаблар қуриш учун Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб қилинди. Бунинг эвазига 58 та мактаб қурилиб, 72 мингта ўқувчи ўрни яратилади.

Бунга қўшимча равишда вилоятлар ҳокимларига жорий йилда халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар, Жанубий Корея каби давлатлардан инвесторлар олиб келиб, маҳаллий тадбиркорларга шароит яратиб, мактаб қурилишига 10 миллион доллардан маблағни жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Мактаблар қувватини оширишнинг мақбул йўлларидан бири хусусий шериклик экани таъкидланди.

Шу боис мактаблар ва боғчалар учун хусусий шериклик лойиҳаларининг эълонда туриш муддати 45 кундан 30 кунга қисқартирилади.

Мутасаддиларга жорий йилда мактаб таълимида камида 100 та шундай лойиҳани бошлаш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?