Президент чегара пунктларида “туризм бурчаги” ташкил этилмаганини танқид қилди

16:23 09 Апрель 2025 Сиёсат
190 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида туризм қишлоқларини ташкил қилиш бўйича 3 йил олдин бошланган иш яхши самара бераётгани эътироф этилди.

Лекин, Тошкент вилоятида Корея тажрибаси асосида туризм қишлоғи қилиш ташаббуси қоғозда қолиб кетгани, Қашқадарё ва Жиззахда атиги 1 тадан туризм қишлоғи очилгани кўрсатиб ўтилди. Навоий ва Сирдарёда ҳунармандчилик, Жиззах ва Фарғонада гастрономик туризм марказлари мавжуд эмас.

Шунингдек, Жиззах ва Сурхондарёда туризм экспорти 65 миллион долларга, Сирдарёда эса 30 миллион долларга бормайди.

Бирорта чегара пунктида юртимиз туризм салоҳиятини кўрсатадиган “туризм бурчаги” ташкил этилмагани танқид қилинди.

“Аҳолимиз ўртасида тоғли ҳудудларга пиёда чиқиш (трекинг) оммалашмоқда. Лекин, турфирмалар бундай сайёҳлик маршрутига рухсат олишга 2-3 ой сарфлаяпти“, деди Президент.

Мутасаддиларга рухсатномани Ягона интерактив портал орқали 10 кунда беришни жорий қилиш топширилди.

Президентимиз замонавий туризм маршрутларини ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Туризм қўмитаси ҳокимликлар билан биргаликда 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича катта дастур тасдиқлайди.

Масалан, Сариосиё тумани ҳудудининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлиб, қишки туризм учун катта салоҳият мавжуд. Бу ерда дор йўли, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари соҳасида 200 миллион долларлик лойиҳалар қилса бўлади.

Яна бир мисол, Чортоқ ўзининг шифобахш сувлари билан машҳур бўлса-да, туман ҳокими янги лойиҳа қилиш уёқда турсин, бор санаторияларга ҳам хорижий сайёҳ олиб кела олмаяпти.

Ёки, Мўйноқда ҳар йили ўтадиган “Стихия” мусиқа фестивалига келган сайёҳларни кўпроқ олиб қолиш учун янги ташаббуслар керак.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 36 та туман ва шаҳар бўйича мастер режалар ишлаб чиқишни тезлатиб, лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?