Португалиядан дуранг, Испания ва Италиядан йирик ғалаба

09:58 15 Октябр 2025 Спорт
267 0

Кеча, 14 октябрь куни Европа яшил майдонларида 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди. Айрим муҳим баҳсларга тўхталиб ўтамиз.

Португалия дуранг ўйнади

“F” гуруҳида 4-тур олдидан Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоасида жуда яхши имконият бор эди. Агар жамоа ушбу турда ғалаба қозонса, муддатидан аввал Жаҳон чемпионати масаласини ижобий ҳал этарди.

Сабаби “португаллар“ дастлабки 3 та турда Ирландия, Арманистон ва Венгриядан устун келишди. Ушбу турда ҳам ғалаба қозонилса, жамоанинг очколари сони 12 тага етaрди ва саралаш якунига 2 та тур қолган бир вақтда гуруҳдаги асосий таъқибчиси Венгрия билан орадаги фарқ 8 тани ташкил этиши мумкин эди. Бироқ бундай бўлмади.

Бу турда Португалия ўз майдонида Венгрия терма жамоасини қабул қилди ва ўйин дуранг натижа билан якунланди.

Учрашувда ҳисоб 8-дақиқада меҳмонлар ҳимоячиси Аттила Салаи томонидан очилди. Орадан 14 дақиқа ўтиб Криштиану Роналду ҳисобни тенглаштирди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда 5 карра “Олтин тўп“ соҳиби яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйди. Дастлабки бўлим айнан 2:1 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлим ҳам бир маромда давом этди. Ҳамма Португалияни Жаҳон чемпионати билан табрикламоқчи бўлиб турган бир вақтда “Ливерпул“ футболчиси Доминик Собослаи жамоасининг иккинчи голини киритди. Шу тариқа ўйин 2:2 ҳисоби билан якунланди.

Португалия – Венгрия 2:2

Голлар: Роналду (22, 45+2) – Салаи (8), Собослаи (90+1)

Португалия: Кошта – Семеду, Диаш, Вейга, Мендеш (Тавареш, 79) – Невеш (Пальинья, 62), Витинья – Бернарду, Фернандеш (Консейсау, 62), Нету (Феликс, 62) – Роналду (Рамуш, 78)

Венгрия: Б. Тот – Него, Орбан, Салаи, Керкез (Дардаи, 79) – Шефер (А. Тот, 38), Стайлз (Виталиш, 79), Собослаи – Болла, Варга, Шаллаи

Испаниядан йирик ғалаба

“E” гуруҳида яққол пешқадам бўлиб турган Европа чемпиони Испания терма жамоаси бу гал ҳам йирик ғалабани қўлга киритди.

“Хосе Зоррийя“ стадионига ташриф буюрган гуруҳ аутсайдери Болгария терма жамоаси бу гал “испанлар“нинг ўлжасига айланди.

Испания терма жамоасида Родри, Дани Олмо, Дин Хуисен, Дани Карвахал ва Ламин Ямаль каби футболчилар жароҳат сабаб ўйинда майдонга туша олмагани учун бош мураббий Луис де ла Фуэнте таркибда қатор ўзгаришларни амалга оширди.

Ҳимоя қанотларидан Педро Порро ва Александро Гримальдо ўрин олди. Тайанч ярим ҳимояда Педри ва Зубимендига ишонилди. Микел Мерино ҳужум ортида ҳаракат қилди. Ҳужум гуруҳидан Микел Ойарсабаль, Александро Баэна ва Саму Агехова ўрин олди.

Учрашувда ҳисоб 35-дақиқада Микел Мерино томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида Микелнинг ўзи ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. 79-дақиқада меҳмонлар футболчиси Атанас Чернев ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди.

Иккинчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Болгария термаси дарвозаси томон пеналти белгиланди. 11 метрлик нуқтадан Микел Ойарсабаль аниқ зарба йўллаб, ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. Ўйин шу ҳисоб билан якунланди.

Испания – Болгария 4:0

Голлар: Мерино (35, 57), Чернев (79, аг.), Ойарсабаль (90+2, пен.)

Испания: Симон – Порро, Ле Норман (Вивиан, 72), Ляпорт, Гримальдо – Мерино, Педри (Барриос, 68), Зубименди (А. Гарсия, 63) – Ойарсабаль, Саму (Иглесиас, 46), Баэна (Пино, 63)

Болгария: Вуцов – Велковски, Чернев, Христов, Георгиев – Груев, Шопов (Стоянов, 84), Крастев – Минчев (Петков, 67), Десподов (Николов, 67), Кириллов (Димитров, 67)

Грузия яна Туркия олдида ожиз

Сўнгги йилларда Грузия ва Туркия мамлакатлари расмий мусобақаларда кўп дуч келишмоқда. “Грузинлар“ ўтган йилги Европа чемпионатидаги дастлабки ўйинини айнан Туркияга қарши ўтказган ва ушбу баҳсда “турклар“ 3:1 ҳисоби билан ғалаба қозонган эди.

Жаҳон чемпионати саралашининг дастлабки туридан ўрин олган баҳсда ҳам Грузия ўз майдонида Туркияга мағлуб бўлди.

Бу ҳолат эса бу гал Измит шаҳрида ҳам давом этди.

Ўйинда ҳисоб 14-дақиқада Кенан Йильдиз томонидан очилди. 22-дақиқада Мерих Демирал жамоасининг иккинчи голини киритди. Орадан 12 дақиқа ўтиб, Юнус Акгюн ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим айнан шу ҳисобда якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида Демирал дублга эришди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Георгий Кочорашвили Грузиянинг ушбу ўйиндаги ягона жавоб голини киритди. Шу тариқа баҳс 4:1 ҳисоби билан Монтелла жамоасининг ғалабаси билан якунланди.

Туркия – Грузия 4:1

Голлар: Йильдиз (14), Демирал (22, 52), Акгюн (35) – Кочорашвили (65)

Туркия: Чакир, Мюлдюр, Демирал, Бардакчи, Эльмали, Чалханоғлу (Озкан, 78), Юксек, Акгюн (Илмаз, 68), Гюлер (Кокджу, 68), Йильдиз (Кадиоглу, 83), Актюркоглу (Айдын, 78)

Грузия: Мамардашвили, Какабадзе, Лочошвили, Гогличидзе, Гочолейшвили, Китеишвили (Гагнидзе, 65), Меквабишвили, Кочорашвили, Давиташвили (Лобжанидзе, 71), Кварацхелия, Микаутадзе (Зивзивадзе, 46)

Огоҳлантиришлар: Актюркоглу (77) – Кочорашвили (85)

Италиядан йирик ғалаба

Саралашнинг дастлабки турида Норвегия терма жамоасига мағлуб бўлган Италия ундан кейин ҳали мағлубиятга учрамади.

Женнаро Гаттузо шогирдлари Эрлинг Ҳоланд бошчилигидаги жамоани изма-из таъқиб этиб келишмоқда. Бу гал Италия ўз майдонида Исроил термасини қабул қилди.

Учрашувда ҳисоб биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда очилди. Матео Ретеги пеналтидан “италияликлар“ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисоби билан якунланди.

74-дақиқада Ретеги дублга эришди. Иккинчи таймга қўшиб берилган учинчи дақиқада Исроил дарвозаси томон яна пеналти белгиланди. Жанлука Манчини 11 метрлик нуқтадан аниқ зарба бериб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Ўйин айнан ушбу ҳисоб билан якунига етди.

Италия – Исроил 3:0

Голлар: Ретеги (45+1, пен.), 74, Манчини (90+3)

Италия: Доннарумма, Камбиазо (Спинаццола, 85), Ди Лоренцо, Манчини, Калафиори, Димарко, Локателли (Кристанте, 85), Тонали (Камбиаги, 90+2), Барелла, Ретеги (Пикколи, 90+2), Распадори (Ф. Эспозито, 46)

Исроил: Глазер, Даса (Мизрахи, 89), Бальтакса, Блориан, Ревиво, Э. Перец (Абу Фани, 75), Битон, Глух, Халайли (Туриэль, 73), Барибо (Турджеман, 72), Соломон (Шуа, 89)

Огоҳлантиришлар: Тонали (88), Барелла (90+3) – Битон (42)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер