Порага чўзилган қўл

15:11 26 Декабрь 2025 Жамият
274 0

“Ўғлингиз пора билан қўлга тушди”, деган хабарни эшитган 80 ёшли отанинг устидан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Анчагача ўзига келолмади. Шундан буён ичига чироқ ёқса ёришмайди. “Тиқ” этса худди ўғли кириб келаётгандек эшикка қарайди. Маърака – маврид тугул кўчага ҳам чиқолмай қолди. Кунора сўроқлайдиган яқинларининг эса оёғи узилди.

Неваралари ҳам мактабдан шумшайибгина қайтадиган бўлди. Ҳовлида гўёки зимистон чўккан. Кўнглига қил ҳам сиғмайди. Айниқса, шўрлик кампирига қийин. Унинг қадди баттар эгилиб қолди. Она барибир, она-да. Тасаввурида фарзанди бешикдаги боладек беғубор. Аммо билмайдики, амал деган отга минган ўғил бу туйғуга аллақачон ғубор тушириб улгурди.

Дунёда ота-она учун фарзанд келтирган ғам-ғуссадан оғирроқ зарба бўлмаса керак. Орадан кўп вақт ўтмай ота юрак ўйноғи дардига чалиниб ётиб қолди.

“Яримта нон – роҳати жон”, дейишади. Сирасини айтганда, ҳалол луқмага етари йўқ. Зарифбойга келсак, у амалга мингунга қадар ҳам бу оила ёмон яшамаётганди. Шинамгина ҳовлида туришади. Дарвоза олдида гижинглаган тойдек автомашина турибди, чол – кампир йилда бир-икки бор санаторийда ҳордиқ чиқаришади. Аммо ўғил амалдор бўлгач, унча-бунча нарсани писанд қилмай қўйди. Атрофида ҳайбаракачилар, хушомадгўйлар ин қурди. Бир-иккита жимжимадор имзо эвазига энг сўнгги русумдаги автомашинали бўлиши мумкинлигини англаган амалдор шайтоннинг измига кирганини билмай ҳам қолди. Кўза кунда эмас, кунида синади. Охир-оқибат унинг порага чўзилган қўлига кишан тушди. Шу тариқа гулдай бир оиланинг ҳаловати бузилди. Ота йиллаб мисқоллаб йиққан обрў-эътибор саробга айланди. “Маҳалламиздан тамагир, порахўр чиқибди” қабилидаги гап-сўзларни айтмайсизми?

Бугун оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқларда пора билан қўлга тушган шахслар ҳақида шунга ўхшаш нохуш хабару воқеалар тафсилотига тез-тез кўзингиз тушади. Нафсига эрк бериб шарманда бўлганлар орасида амалдордан тортиб, ҳокимият вакили, солиқчи, адвокат, кадастр ва ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларигача бор. Қай бир соҳада ишламасин, улар ўзларига “порахўр”, “тамагир” деган совуқ номни орттирган. Жиноят устида қўлга тушиб, энди гулдай умрларининг бир қисмини қамоқда ўтказмоқда. Аҳли аёлларини ғаму ташвишга қўйган, яқинларига иснод келтирган улар. Ахир, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Қолаверса, улуғ аллома Абдулқосим Замахшарий ёзиб қолдирганидек, бировнинг ҳақига хиёнату тамагирлик, ёмонлик қиладиган киши ҳалокатга гирифтордир.

Тангадай тешикдан туядек совуқ киргани каби туйнукдай очилган порахўрлик иллатидан бутун бошли жамият зиён кўради. Коррупцияни “жамият танасидаги саратон” дея аташлари ҳам бежиз эмас. Бинобарин, назари оч, порахўрлик, тамагирлик дардига дучор кимсалар нафақат ўз оиласи, балки эл-юртга ҳам зарар етказади. Уни инқироз сари етаклайди.

Мақолага нуқта қўяр чоғимиз ижтимоий тармоқдаги яна бир хабарга кўзимиз тушди. Унда ёзилишича, мамлакатимизда 2025 йилнинг 11 ойида Жиноят кодексининг 211 – моддаси (пора бериш) билан 1801 нафар шахс судланган, уларнинг 465 нафари озодликдан маҳрум этилган. Қолганларига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Гап пора узатган қўллар ҳақида бораётганини англадингиз, албатта. Бу эса алоҳида бир мавзудир.

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?