Помуқ — халқлар дўстлигининг рамзий шаҳарчасига айланмоқда

08:30 27 Сентябр 2021 Маданият
149 0

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакатимизнинг Туркманистон билан чегарадош Миришкор туманидаги Помуқ шаҳарчасида, асосан, туркман миллатига мансуб аҳоли вакиллари истиқомат қилишса-да, бу ҳудуд халқлар дўстлигининг рамзий шаҳарчасига айланиб бормоқда. Турли миллат вакиллари иштирокида ўтказилаётган дўстлик кечалари халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни  мустакамлашга хизмат қиляпти.

Яқинда Помуқда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилган ва турли миллат вакиллари иштирок этган дўстлик тадбири ҳам байрам тантаналарига уланиб кетди. Турли халқларнинг миллий либослари, қадимий анъаналари, миллий таомлари намойиш этилди.

— Бу каби учрашувларнинг вилоятимизнинг энг чекка ҳудудида ўтказилаётгани бизни жуда мамнун этмоқда, — дейди помуқлик кекса ижодкор Абдинаби Абдиев. — Помуқнинг халқлар дўстлиги марказига айланиб бораётгани бежизга эмас. Чунки бу ҳудуд Буюк Ипак йўли устида жойлашган ва катта карвонлар ўтган, маданият, маърифат ривожланган, кураги ерга тегмаган полвонлар, бахшилар ўтган.

Миллий кўргазмаларда қадимий анъаналар намуналари акс эттирилди. Шу куни янгича чирой ва ўзгача кўркамлик бахш этган Помуқ маданият марказининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда  Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Я. Маммедов, Президент маслаҳатчиси Т. Худойбергенов ва вилоят ҳокими З. Мирзаев иштирок этди.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?