Покиза қалблар куйчиси

19:08 01 Ноябрь 2021 Маданият
1958 0

Адабиёт шундай қудратли кучки, унинг сеҳри ва зиёсидан баҳраманд дилларда юксак инсоний туйғулар куртак очади. Улуғвор орзу-интилишлар, эзгу мақсадларга қанот, юракка шижоат, руҳиятга мадор бергувчи нафис қурол ҳам бадиий ижоддир. Айниқса, «Ҳақиқий ватанпарварларни адабиёт тарбиялайди» деган пурмаъно сўзлар замирида бу қудратли кучнинг асл моҳияти намоён бўлади.

Ўзбекистон халқ шоири, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби, Фарғона фарзанди Анвар Обиджон тимсолида ижод мўъжизасининг ўзига хос кашфиётлари яшайди. Азалдан она халқимизга буюк даҳоларни, адабиёт пешволарини етказиб берган Фарғона замини ўзининг шоир ўғлини ҳамиша бошида тутди, унинг ёзганларини, китоб шаклидаги дурдоналарини севди, бебаҳо мулки каби ардоқлади.

Айниқса, Анвар Обиджоннинг буюк асарлари туғилган, юзлаб шогирдларига дарсхона, ижод ва тафаккур ёғдуларидан чароғон гўша —Олтиариқда донишманд шоир юраги ҳамиша уйғоқ яшайди. Ўзининг рангин, фикрчан ва жозибали асарлари билан ўзбек болаларига юртни севишни, ардоқлашни, тафаккур қилишни ўргатган буюк миллатпарвар шоир, ўзбек болалар адабиётининг нодир вакили мана шу элдан, шу юртдан илҳом олди. Ва йиллар давомида наинки шеърлари, ҳатто китобларини ёддан биладиган минглаб зукко ихлосмандларини топди, миллионлаб китобхонларга эга бўлди, миллатнинг ўз шоири, адиби, публицисти бўла олди.

Анвар Обиджон ижоди ҳақида фикр айтганда, адабиётшунос олимларнинг «Ҳар бир ижодкор қайсидир маънода адабиётда кашфиёт яратади. Оҳорли сўз, оҳорли қофия ҳам ўзига хос янгилик. Бу нуқтаи назардан қараганда Анвар Обиджоннинг ижоди бошдан-оёқ кашфиёт, бу борада уни ҳеч ким билан таққослаб бўлмайди» деган ҳақли сўзларини келтириб ўтиш ўринлидир.

Шоир билан ҳамсуҳбат, дилдош бўлган зиёлилар у ҳақида бирдай ҳарорат ва эҳтиром билан эслайди. Анвар Обиджоннинг ҳаммани кулдираётиб ҳам, тубида ҳазинлик турган нигоҳларидан ҳамиша самимият, меҳр уфуриб туриши, доимо ўз ҳаётидан, фарзанду набираларидан, оиласидан ва ўзининг шоирлик қисматидан рози эканлигини англаш қийин эмас. Шоир ҳаёт ва мангулик, муҳаббат ва айрилиқ, меҳр ва хиёнат, самимият ва ёмонлик, ҳақиқат ва жамият оралиғида ўтган кунлари, учратган одамларидан бирон марта норози бўлмаганининг ўзи улуғ ибрат, аслида.

Айтиш керакки, Анвар Обиджон умрбўйи шеърни ардоқлади, чин адабиётни катта муҳаббат билан севди, бу муҳаббатни баландпарвоз сўзлар билан изҳор қилмади, лекин унга фидо бўлишни ҳаётининг мазмуни, деб билди. Миллатсевар, фидойи адиб, донишманд устоз сифатида турмуш йўллари ва ижод сўқмоқларида дуч келган машаққатларни, бўҳтону фитналарни мардона енгган, ёниқ ижод қилишни энг муҳим ҳаётий аъмол, деб баҳолаган етук ижодкорнинг асарлари ҳамон руҳий таскин, катта маънавий тарбиячи бўлиб яшаётгани ҳам шундан. Унинг ҳар сўзи, эрта оқарган сочлари, нуроний юзи, синиқ табассуми, халқона мутойибалари — ҳамма-ҳаммасидан латиф хокисорлик, муҳими, она юртга чинакам фарзандлик қиёфаси яққол кўринади. Ўзбек адабиётининг боласевар шоири дунёни болалар кўзи ва юраги билан танигани, мушоҳада қила олгани билан ўзига хосдир.

«Болакайлар, кечиринг,

Айтолмайман у ёғин,

Чунки, авторучкамнинг

Тугаб қолди сиёҳи»,

— деб, жилмайиб турган шоир руҳи ҳамон тирик, ҳамон сўзи уйғоқ, ҳамон ардоқли.

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг ҳар бир янги асарини китобхонлар доимо катта қизиқиш билан кутиб олган. Ижоди ниҳоятда серқирра бўлган адибнинг публицистика жанридаги ижоди ҳам салмоқлидир. Унинг турли даврларда битилган кўплаб мақола, очерк ва эсселари энг долзарб мавзуларга бағишлангани, йирик-йирик ижтимоий масалаларга оид фикрлар ўта дадиллик, айни чоғда беҳад холислик билан баён этилгани адабиёт ихлосмандлари қалбини Анвар Обиджон ижодига эҳтиром ва муҳаббат билан боғлаган, десак муболаға эмас.

Президентимиз ижодкор зиёлилар билан бўлган анжуманда адибларимизни жойларда бўлаётган юксалишлар, замонамиз қаҳрамонларига айланаётган фидойи инсонлар ҳаёти ҳақида асарлар яратишга ундаган эди.

Анвар Обиджоннинг Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ўзгаришлар, меҳнат аҳли кайфиятидаги мислсиз кўтаринкиликларни ўзида жам этган «Фарғоналиклар» китоби давлатимиз раҳбарининг илҳомбахш даъватидан руҳланиб яратилганини кўпчилик китобхонлар яхши билишади. Қолаверса, ушбу китоб адибнинг ўзи туғилиб ўсган масканга чексиз меҳрининг ифодаси ҳамдир.

«Фарғоналиклар»ни шавқ билан ўқиб чиққач, унда эришаётган ютуқлари билан юрт номини улуғлаётган фарғоналикларнинг жонли қиёфасини кўргандай бўласиз. Устоз Эркин Воҳидов билан ғойибона суҳбат шаклида яратилган китоб гарчи 20 та мустақил бадиа-эсседан таркиб топган бўлсада, моҳиятан, азим Фарғона, бунёдкор ва ҳаётсевар, меҳнаткаш ва ташаббускор фарғоналикларнинг сурату сийратини ўзида мужассам этган яхлит асар сифатида таассурот қолдиради. Адибнинг ёзиш услуби, китобхонни ўзига жуда яқин олиб сўз айтиши, жойлардаги эзгу ишлардан ҳайратини етказа олиш маҳорати сизни мутолаанинг сўнгига қадар китобдан олислатмайди.

Ёзувчи таърифи билан айтганда, «Кўҳна Марғилондаги фусункор боғнинг кираверишидаги қуйма курсига ястаниб» худди тирикдай меҳр-ла термулиб турган устоз Эркин Воҳидовга юзланган кўйи ёзишни ота макондан — Олтиариқ заминидан бошлаган адиб қадами етган ҳар бир ҳудуднинг самарали одимлари, одамлари ҳақида тўлқинланиб ёзади. Адиб Фарғона бўйлаб сафар қилар экан, Нефтни қайта ишлаш заводи, «Фарғонаазот», Қувасой цемент заводи, «Кварц», Қўқон механика заводидан тортиб, Марғилон атласчилари, тўқимачилик, пойабзалчилик, пахтаю пиллани қайта ишлаш корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолияти билан танишади. Минг-минглаб янги иш ўринлари яратилгани, вилоятнинг экспорт салоҳияти юксалаётганини фахр билан тилга олади.

Олтиариқлик Қаҳрамон фермер Лолахон Муротова, тадбиркор Адҳамжон Абдураҳмонов, Ҳусанбой узумчи сингари заҳматкаш одамлар, Қуванинг «Анорзорлар маликаси», Фарғона спортининг Бектемир Мелиқўзиев, Достонбек Турсунов сингари ёрқин вакиллари, Данғараю Фарғона, Бешариғу Қўштепанинг паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик, шунингдек, ишлаб чиқариш илғорлари, балиқ етиштиришнинг ҳадисини олган ёзёвонликларнинг ғайрати, Марғилоннинг шоҳи ипакка ўранган бугунги саодати акс этган бадиий лавҳалар Фарғонанинг бугунги иқболи ҳақида сўз очади.

Шоирнинг:

Яратмоқ, курашда малҳамдир сабр,

Фароғат сари йўл азал сержабр,

Бу юртга ишқини, ҳар неки давр

Қалбидан юлмади фарғоналиклар.

— деган сатрлари шу юрт фарзандининг ўзи туғилиб ўсган жойи, унинг қадри баланд одамларига муҳаббати ила қалбингизга йўл олади. Фарғонадаги юксалиш жараёнлари, замонамиз қаҳрамонларига айланаётган фарғоналиклар ҳақидаги китоб ҳудудлардаги муваффақиятли одимлар ортидаги машаққатли меҳнат, фидойи инсонлар иродаси, матонатини намоён этгани билан ҳам қимматлидир.

Анвар Обиджоннинг «Она Ер», «Эй, ёруғ дунё...», «Оловжон ва унинг дўстлари», «Безгакшамол», «Масхарабоз бола», «Аканг қарағай Гулмат», «Жуда қизиқ воқеа», «Олтин юракли Автобола», «Даҳшатли Мешполвон», «Ерликлар», «Аламазон ва Гулмат ҳангомаси», «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри», «Олтиариқ ҳангомалари», «Ўқ ўтмас болакай», «Танланган шеърлар», «Баҳромнинг ҳикояси», «Ширин тушь», «Ғалати мактублар», «Сайланма» сингари 60 тадан ортиқ китоблари нафақат ўзбек халқи, балки дунё китобхонларининг ҳам муҳаббати ва ихлосига эришди.

Ҳақиқат шуки, адабиёт — буюк маъво. У ўзига топинган, суянган ва сидқидилдан хизмат қилган қалам соҳибини ҳамиша бағри тафтида, эҳтиромида асрайди, унинг юзини эл олдида, сўз олдида ёруғ бўлишига побаста бўлади. Анвар Обиджонга ана шундай юзи ёруғлик, каттаю кичик китобхонга суюклилик бахти насиб этди. Унинг қутлуғ номини абадийлаштириш, мазмунли ижодига барҳаётлик бахш этиш ишлари бутун республикамизда, хусусан, донишманд шоирни вояга етказган Фарғонада қанот ёзаётгани ғоят шарафли ва қувончлидир.

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер