Покистонлик фермерлар нимадан норози?

17:20 03 Май 2024 Дунё
601 0

Фото: EPA

Покистоннинг қатор шаҳарларида минглаб фермерлар ҳукуматнинг буғдойни сотиб олмаслик қарорига қарши норозилик намойишлари ўтказмоқда. Фермерларнинг иддаосига кўра, ушбу қарор уларнинг даромадларида катта йўқотишларга сабаб бўлмоқда.

Мамлакатнинг энг йирик вилояти ва Покистоннинг «нон савати» деб аталадиган Панжобдаги деҳқонлар яхши ҳосил кутаётганлиги сабабли ҳукумат буғдой импортини тўхтатиш керак деган фикрда.

Душанба куни Лаҳорда бўлиб ўтган норозилик намойишида полиция ходимлари фермерларни калтаклаб, ўнлаб кишиларни ҳибсга олган.

Норозиликларнинг асосий сабаблари нимада?
Ўтган йилнинг иккинчи ярми ва жорий йилнинг дастлабки уч ойида буғдой импорт қилиниб, бозорда ортиқча буғдой кўпайиб кетганлиги сабабли нархлар арзонлашиб кетган. Қишлоқ хўжалиги Покистоннинг энг муҳим даромад соҳаларидан бири бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти(ЯИМ)нинг қарийб 23 фоизини ташкил қилади. Буғдой эса ЯИМнинг 2 фоизини эгаллайди.

2022 йилда Покистондаги ҳалокатли сув тошқинлари деҳқончиликка салбий таъсир қилганлиги боис 2023 йилнинг бошида буғдой етишмаслигига олиб келди. Покистонликлар йилига 30 миллион тонна буғдой истеъмол қилса, 2022 йилда атиги 26,2 миллион тонна буғдой етиштирилди. Бу эса нархларнинг ошишига олиб келиб, кўпроқ буғдой етиштиришга туртки берди. Ўша пайтдаги ҳукмрон коалиция бўлган Покистон демократик ҳаракати ҳукуматдаги ваколат муддати тугашига бир ой қолганда, 2023 йил июль ойида хусусий секторга буғдой импорт қилишга рухсат беришга қарор қилди.

Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқот вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил сентябридан 2024 йил мартигача бўлган даврда Покистонга халқаро бозордан 3,5 миллион тоннадан ортиқ буғдой импорт қилинган. Одатда ҳукумат маҳаллий фермерлар томонидан етиштирилган буғдойнинг 20 фоизини қатъий белгилаган нархда сотиб олар эди. Бироқ бу йил фермерлардан атиги 2 миллион тонна буғдой сотиб олиниши эълон қилинди.

«Бу йил 32 миллион тоннага яқин буғдой етиштириш кутилмоқда. Бироқ ҳукумат ғазнаси буғдойга тўла бўлса, ҳосилимизнинг 50 фоизидан кўпини сотишимиз мумкин эмас. Бу 1,4 миллиард доллар зарар олиб келиши мумкин», — дейди маҳаллий фермерлардан бири.

Нега давлат буғдой сотиб олиши муҳим?
Карачида яшовчи озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича таҳлилчи ва тадқиқотчи Одил Мансурнинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг ҳар йили маҳаллий буғдойни сотиб олиши фермерларнинг қолган буғдойининг тегирмон ва бозордаги нархларни белгилаб беради. Энг йирик харидор бўлмиш ҳукумат донни маълум бир нархда сотиб олса, бозорнинг қолган қисми ҳам унга мос равишда нарх белгилайди.

Фермерлар нима дейди?
Панжоб вилоятидаги фермернинг айтишича, буғдой етиштириш учун ўғит, сув ва бошқа талабларнинг юқори нархи ҳосил етиштириш харажатларини кескин ошириб юборган ва бу дон қимматлашишига олиб келмоқда. Фермернинг қўшимча қилишича, деҳқонлар ҳосилини воситачиларга арзон нархга сотишга мажбур бўлмоқда. Баъзи деҳқонларда уни сақлаш учун омборхона ҳам мавжуд эмас.

Ҳукумат нима дейди?
Бош вазир Шаҳбоз Шариф буғдой инқирозини атрофлича ўрганиш бўйича топшириқ берди. Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқот вазирлигига кўра, ушбу ҳолатга муваққат ҳукуматнинг 2023 йил август ойидаги қабул қилган қарорлари сабаб бўлган. Вазирлик шундай бўлсада фермерларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Таҳлилчи Одил Мансур айтишича, ҳукумат фермерларга буғдой сотиб олмаслик режасини яхшироқ тушунтирмаган. Аммо узоқ муддатли иқтисодда ҳукуматнинг бозордан чиқиши нормал ҳолат. Буни бир кунда амалга ошириб бўлмайди, лекин аста-секин у келгуси йилларда ўз иштирокини тўхтатиши керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?