Покистон Афғонистонга зарба берди. Ҳалок бўлганлар бор

17:16 22 Февраль 2026 Дунё
1149 0

Покистон Афғонистон ҳудудига тунда бир нечта ҳаво зарбалари берди, деб хабар бермоқда BBC.

Афғонистон томони ҳужумлар тинч аҳоли уйлари ва диний мактабни нишонга олганини айтди. Исломобод эса зарбалар Покистон–Афғонистон чегараси яқинидаги еттита эҳтимолий жангарилар қароргоҳи ва лагерларига қаратилганини, улар мамлакат ичида содир этилган сўнгги худкушлик ҳужумларидан кейин амалга оширилганини билдирди. Хабарларга кўра, ҳужумлар оқибатида камида 18 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.

“Толибон” мудофаа вазирлиги зарбалар Нангарҳор ва Пактика вилоятларидаги фуқаролик ҳудудларига йўналтирилганини маълум қилди. Нангарҳор вилоятининг Беҳсуд тумани, Гирди Кас қишлоғида яшовчи фуқаро 23 нафар оила аъзосидан фақат беш нафари тирик қолганини билдирган.

Нишонга олинган бошқа ҳудудларда қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган. Пактика вилоятининг Бармал ва Ургун туманларидаги ҳужумга учраган меҳмонхона ҳамда диний мактаб бўш бўлгани қайд этилган.

“Толибон” бу ҳолатни Афғонистон ҳудудий яхлитлигининг очиқ бузилиши ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид ҳаракат деб баҳолади ҳамда муносиб жавоб қайтарилишини маълум қилди. Сўнгги воқеалар ўтган октябрдаги чегара тўқнашувларидан кейин эълон қилинган муваққат ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай юз берди.

Эслатиб ўтиш жоиз, икки давлат ўртасида 2 574 километр узунликдаги тоғли чегара мавжуд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?