Пекинда Ўзбекистон — Хитой кўргазмаси очилди
Хитой пойтахти марказидаги Тьяньаньмэнь майдони яқинида жойлашган «Гугун» Ёпиқ шаҳарининг Император саройи музейида «Кенг ва бепоён даштлар чорраҳаси: Буюк Ипак йўлидаги археология топилмалари» деб номланган Ўзбекистон – Хитой фото кўргазмаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбир Ўзбекистон Давлат тарих музейи, ХХР Император саройи музейи ва Хитой Шимолий-Ғарбий университети ҳамкорлигида мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Кўргазмада Ўзбекистон – Хитой археология экспедицияси томонидан Сазаған (Самарқанд) ва Рабат (Сурхондарё) ҳудудларида олиб борилган қўшма археология қазув-тадқиқот ишларининг натижалари намойиш этилмоқда.
Икки мамлакат олимларидан иборат қўшма археология экспедицияси томонидан Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган Сазаған ёдгорлиги ва Рабат қишлоғидаги қадимги қабрлардан топилган ранг-баранг археология топилмаларининг суратлари кўргазма пештахталаридан жой олди.
Жумладан, кўргазмада темир қуроллар, сопол буюмлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан ясалган тақинчоқлар ҳамда тилла заргарлик буюмлари намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, кўргазма билан танишув асносида қадимги қабрларда олиб борилган қазув ишлари тўғрисида ҳам атрофлича тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Мазкур суратларда майит билан бирга ов ва иш қуроллари, заргарлик буюмлари ҳамда сопол ҳунармандчилиги осори-атиқалари кўмилганини кўриш мумкин. Бу топилмалар Кушон даврига (эрамизгача бўлган III—I асрлар) алоқадорлиги тахмин қилинади.
Мазкур кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ходимларининг Император саройи музейи директори ўринбосари Луо Вей билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида Луо Вей ушбу кўргазмани ташкил этишдаги кўмаги учун Ўзбекистон Давлат тарих музейига миннатдорлик билдирди. Музей директори ўринбосари Хитой томонининг бу йўналишда янада фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Луо Вейнинг қайд этишича, Хитой ва Ўзбекистон Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган энг муҳим мамлакатлар ҳисобланади. Унинг айтишича, мамлакатларимиз минг йилликлар давомида шаклланган ноёб ва бой тарихий-маданий меросга эга эканлигидан ушбу кўргазма ҳам гувоҳлик беради.
«Ёпиқ шаҳар» номи билан машҳур Император саройи музейи ЮНEСКО бутунжаҳон меросининг объекти ҳисобланади. У Пекин марказидаги 1406 – 1420 йилларда барпо этилган Хитой императорлари династиялари собиқ саройи ҳудудида жойлашган.
Саройнинг умумий майдони 111 гектарни ташкил этади. Ҳаммаси бўлиб 980 та бино жойлашган ушбу ҳудуд 10 метр баландликдаги девор билан ўралган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг