Парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди

18:01 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
251 0

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ташқи меҳнат миграцияси соҳасида тизимли назоратни йўлга қўйиш, Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда ишга қабул қилиш ва жалб этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ҳукумат томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.

Хусусан, жорий йил 15 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Ушбу қарор билан фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш, шунингдек, хорижда мураккаб шароитга тушиб қолган меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлигини суғурталаш амалиётини кенгайтириш, улар учун маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режалари тасдиқланган.

Сенаторлар томонидан соҳадаги муаммо ва қийинчиликларни бартараф этишда айнан ушбу ҳужжатда белгиланган дастурий чора-тадбирларни изчил ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ташқи меҳнат миграцияси соҳасига оид ахборотларнинг тезкор айланишини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқларда (telegram, facebook) расмий ахборот каналлари ишга туширилган ҳамда миграция хизматларини тақдим этувчи мобил иловалардан ташкил топган “labormigration.uz” дастурий таъминоти ишлаб чиқилган.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг самарали механизмини йўлга қўйиш билан боғлиқ бўлган тизимли камчилик ва муаммолар кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг шартнома-ҳуқуқий асосини ташкил этувчи асосий ҳукуматлараро битимларнинг Россия Федерацияси ҳудудида тўлиқ амал қилинишини таъминлаш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилмаганлиги сабабли ҳалигача фуқароларни ташкилий асосда ишга қабул қилиш даражаси пастлигича қолмоқда. Мажлисда ушбу кўрсаткич 10 фоиздан кам эканлиги таъкидланди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликларининг ушбу йўналишда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги ваколатхоналари салоҳиятидан самарали фойдаланишда қатор камчиликлар кузатилаётганлиги ҳам қайд этилди.

Шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда парламентлараро ҳамкорлик салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳамда ушбу масалани Ўзбекистон — Россия парламентлараро комиссияси доирасида тезкор кўриб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Муҳокама якунида Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликларига қайд этиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, икки томонлама битимларнинг сифатли ижросига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди ҳамда тегишли чора-тадбирлар дастурларини қабул қилиш лозимлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?