Парламент иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўз ишини бошлади

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлади.

Ассамблеянинг очилиш маросими «Tashkent City» халқаро бизнес марказининг Конгресс холлида бўлиб ўтмоқда.

Бугун жаҳон сиёсий майдонида ўзининг мустаҳкам ўрни, обрўси ва ўз сўзига эга бўлган Парламентлараро иттифоқ парламент дипломатиясини ривожлантириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш каби муҳим йўналишларда фаол иш олиб бормоқда.

Ташкилот миллий қонунчилик органларининг илғор тажриба ва амалиётларини ўзаро интеграция қилиш орқали замонавий таҳдидларни бартараф этиш бўйича парламентлар учун умумий стратегияларни ишлаб чиқишда кўмаклашиб келмоқда.

Айниқса, геосиёсий вазият тобора таранглашиб бораётган бир даврда Парламентлараро иттифоқ дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, низоларни ҳал этиш, халқаро ҳуқуқ ва тинчликпарвар сиёсатни ривожлантириш борасида парламентлар ролини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Шу жиҳатдан Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси нафақат ўзининг тарихийлиги, балки унинг мазмун-моҳияти жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, мамлакатлар барқарор ривожланишини таъминлашнинг муҳим шарти бўлган ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

«Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» мавзусида ўтказилаётган Ассамблеяда 190 та мамлакат, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ассамблея доирасида ижтимоий тараққиётга эришишда, адолатли жамиятни барпо этишда парламентлар иштирокни кенгайтириш ва фаоллигини оширишга қаратилган 90 га яқин турли тадбирлар ва дебатлар ташкил этилади.

Хусусан, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқар экан, бугун Парламентлараро иттифоқ жаҳон сиёсий майдонида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлганини ҳамда парламент дипломатиясини ривожлантириш ва демократик институтларни мустаҳкамлаш борасида ўз фаолиятини амалга ошираётганини таъкидлаб ўтди:

— Бугун Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ислоҳотлар изчиллик билан давом этмоқда, тараққиётнинг ҳал қилувчи босқичига қадам қўйилди.
Миллий парламентларнинг ушбу жараёнларда муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий вазифаларни ҳал этишдаги роли, ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон парламенти халқаро парламент механизмларига фаол равишда интеграциялашиб бормоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Парламентлараро иттифоқ 150-юбилей ассамблеяси иштирокчиларини қутлаб, мазкур тадбирнинг парламентаризм тарихидаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:

— Қонунчилик соҳасида, дунё миқёсидаги мулоқот ва шерикликни мустаҳкамлаш, парламентларнинг ижтимоий тараққиётни ва адолатни кўзлаган ҳолда фаоллик кўрсатиб, тажриба алмашиш борасида Парламентлараро иттифоқ истиқболда ўзининг мувофиқлаштирувчилик ролини янада кучайтиради деб умид қиламиз.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ассамблеянинг бош мавзуси «Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати» эканлигини қайд этиб, бу борада давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларга эътибор қаратди.
Хусусан, Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон хоним қуйидаги фикрларни билдирди:

— Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва мамлакатингиз қандай тараққий этаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу муносабат билан яна бир бор Ўзбекистон Президентини ҳамда Сенат Раисини бу борадаги ҳаракатлари натижаси билан табриклайман. Бу мамлакат барқарор ривожланиб бормоқда.
Ассамблея давомида биз адолат ва ижтимоий тараққиёт мавзуларини жамлаб, улар қандай уйғунлашиши мумкинлигини муҳокама қилмоқчимиз. Сабаби баъзида ижтимоий адолатсизликлар бўлади ва айрим давлатлар бу адолатсизликларни тараққиёт номидан оқлашга уринадилар. Биз эса бу икки тушунча биргаликда ривожланиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Бош котиб Мартин Чунгонг эса шундай деди:

— Бу ҳафта давомида Тошкент парламент дипломатиясининг пойтахтига айланади. Бу йиғилиш глобал ҳамжамият дуч келаётган муаммолар, зиддиятлар ва низоларни мулоқот орқали ҳал қилиш мумкинлигини кўрсатувчи намунага айланади. Айни вақтда дунё мураккаб муаммолар, урушлар ва зиддиятлар гирдобида қолаётган бир пайтда ушбу Ассамблеянинг Ўзбекистонда ўтказилиши юртингиздаги бебаҳо неъмат – тинчлик ҳукмронлигини ҳамда мамлакат раҳбариятининг кўп томонлама ҳамкорлик ва парламент дипломатиясини ривожлантиришга бўлган содиқлигини кўрсатади. Бу учун Парламентлараро иттифоқ жуда миннатдордир.
Жараёнларни батафсил Парламентлараро иттифоқнинг *YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали кузатиб боришингиз мумкин.
Ассамблея доирасидаги барча тадбирлар 5-9 апрель кунлари «Tashkent City» халқаро бизнес марказининг Конгресс холлида бўлиб ўтади.
Шунингдек, Ассамблея доирасида муҳим халқаро ҳужжатлар, жумладан, Тошкент декларацияси қабул қилинади.
Тошкентда ўтказилаётган юбилей Ассамблея Парламентлараро иттифоқ, жаҳон парламентаризми тарихида унутилмас воқеага айланишига ҳамда Ассамблея доирасида илгари сурилган ташаббуслар, қабул қилинган ҳужжатлар Иттифоққа аъзо давлатларнинг қонунчилик ислоҳотларига ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг