Пандемия нега кучаймоқда? Сенегалда хавфли вирус... Маймун чечагини юқтирганлар сони 9200 нафарга етди

12:47 13 Июль 2022 Дунё
651 0

Фото: Иллюстратив фото

Сўнгги ҳафталарда дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин ошмоқда. Мутахассислар буни «омикрон» штаммининг ўта юқумли ҳисобланган ВА.4 ва ВА.5 субвариантлари кенг тарқалиши билан изоҳлаяпти.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебреесус дунёдаги эпидемиологик вазият ҳақида тўхталар экан, СOVID-19ни кузатиш тобора қийинлашаётганини таъкидлади.

Чунки кейинги пайтларда SARS-CoV-2 вирусларининг генетик таҳлили кескин камайган. Ушбу маълумотларсиз кичик штаммларнинг табиати ва касалликнинг кечишини баҳолаш имконсиз.

Қолаверса, аксарият мамлакатларда пандемияга қарши кураш жараёни сезиларли даражада сусайиб кетган. Карантин қоидалари тўлиқ амалда эмас. Боз устига, одамлар эмланишга эътиборсиз қарамоқда.

Ваҳоланки, вакциналар миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Шунга қарамай, ҳукуматлар хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатламининг бустер доза билан эмланишини етарли даражада назорат қилмаяпти.

Шунингдек, бошқа хавфли касалликлар, чунончи, қизамиқ ва пневмонияга қарши вакциналарнинг қўлланилиши ҳам талаб даражасида эмас!

ЖССТ раҳбари Марбург вируси хавфи хусусида ҳам гапирди. Унинг қайд этишича, ушбу инфекция оғир геморрагик иситмани келтириб чиқаради. Энг ёмони, хасталикка чалинганларнинг ярми вирус асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Сенегал давлатида ҳозиргача мазкур инфекцияни юқтириш билан боғлиқ иккита ҳолат аниқланди. Айни пайтда маҳаллий ҳукумат билан биргаликда эпидемиянинг олдини олиш чоралари кўриляпти.

Бундан ташқари, маймун чечаги кенг тарқалишда давом этмоқда. У бугунгача 63 мамлакатда рўйхатга олинди. Касаллик тасдиқланган жами беморлар сони эса 9200 нафарга етган.

ЖССТнинг Фавқулодда қўмитаси мазкур хасталикнинг эҳтимолий мутациялари устида тадқиқотлар олиб бормоқда. Унинг натижаларига кўра, маймун чечагига қарши глобал чора-тадбирлар белгиланиши кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер