Пахтачиликда Хитой тажрибаси қандай самаралар бермоқда?

Фарғона вилоятида азалдан пахтачилик соҳасида ўзига хос маҳорат мактаби шаклланган бўлиб, кейинги йилларда бу борадаги ҳаётий тажриба замонавий мезонлар асосида ривожланиб бормоқда. Бу жиҳатдан вилоятда Хитойнинг “Шинжон-Уйғур” пахтачилик тажрибасидан унумли фойдаланилаётгани эътиборга молик.
Айтиш жоиз, Хитойнинг Шинжон провинцияси қишлоқ хўжалиги экин майдонлари шўрланган, сизот суви яқин, қум-чўлликдан иборат бўлса-да, чигитни қўшқатор ва плёнка усулда экиб, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган ҳолда гектарига ўртача 65-70 центнер пахта ҳосили етиштирилади.
Ўтган йили “Шинжон-Уйғур” тажрибаси асосида Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган Ёзёвон туманидаги “Мезон” фермер хўжалигининг 70 гектар ер майдонига қўшқатор, плёнка усулда, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган ҳолда “Xin luzao № 78” (Хитой) ғўза нави экилиб, ҳар гектар пахта майдонидан 60 центнердан ҳосил кўтарилди.
—Энг асосийси, ҳосил пахта териш машиналари билан саранжомлаб олиниб, юқори навга сотилиши ҳисобига гектаридан ўртача 15,3 млн. сўмдан соф фойда кўрилди,—дейди “Мезон” фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Обидов. — Бу усулда пахта одатдагидан анча барвақт пишиши ҳисобига кузги бошоқли донни очиқ майдонга эртаки қилиб экиш, кузги шудгорлаш тадбирини ўз муддатида сифатли қилиб ўтказиш имконига эга бўлдик.
Бу хусусда гап кетганда, мамлакатимиз пахтачилик тармоғида синов-тажриба тариқасида юқори ҳосилдор хориж навлари ва дурагайларини олиб келиб экилаётгани фермер хўжаликларига қўл келмоқда. Мисол учун, ўтган йили республикамизга Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Испания ва бошқа давлатлардан 18 та нав олиб келингани фикримиз тасдиғидир.
—Янги ғўза навларининг 3 таси вилоятда синовдан муваффақиятли ўтди,—дейди Фарғона вилояти агрохизматлар маркази директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Равшан Қурбонов.—Боиси соҳа олимлари томонидан олиб борилган кузатувлар, ўтказилган таҳлиллар натижаларидан келиб чиқиб, пахта етиштириладиган ҳудудларни тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил, касалликларга чидамли ва эртапишар навлар танлаб олинди.
Айтайлик, Хитойнинг “Xin Lu Zao-78”, “Xin lu zhong-52” ғўза навларида кўсак қуртига қарши ҳамда минерал ўғитларга чидамли ген мавжудлиги, ўсимлик бўйи ўртача 80-90 сантиметрдан ошмаслиги, етиштирилган пахта ҳосили бир вақтда очилиши ҳамда машина теримига мослиги деҳқонларимизга маъқул бўлмоқда.
—Ҳозирги кунда 10 гектар тажриба-синов майдонида 9 та хорижий нав, хусусан, 5 та Хитой нави парваришланмоқда,—дейди Риштон туманидаги “Пахтакор Иқрор” фермер хўжалиги раҳбари Мирзааҳмад Ўлмасов.—Ўтган йили 8 гектар ерда шу давлатдан келтирилган чигитни экиб, гектаридан 50 центнердан ҳосил олинди. Натижада даромадимиз сезиларли даражада ошди.
Фермер хўжалигида 10 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиб, жорий йилда шунча майдонда Хитой тажрибаси асосида пахта етиштирилди. Бу йилги асосий мақсад ҳар гектар ердан олинадиган ҳосил салмоғини 60 центнердан оширишга қаратилган.
Иқтисодий таҳлилларга қараганда, ўтган йили Фарғона вилоятида оддий усулда пахта экиб, ўртача 35 центнер ҳосил олиш учун 1 гектар майдонга 24,4 млн. сўм харажат қилинди ҳамда гектаридан соф даромад 2,9 млн. сўмни ташкил этди.
“Шинжон-Уйғур” тажрибаси асосида 65 центнер пахта ҳосили олиш учун 1 гектар майдонга 29,8 млн. сўм харажат қилинди. Пахта ҳосили терим машинасида териб олиниши ҳисобига гектаридан соф даромад
15,7 млн. сўм бўлди. Демак, оддий усулга нисбатан “Шинжон-Уйғур” тажрибаси асосида пахта етиштириш ҳосилдорликни камида икки баробар ортишин таъминлайди.
Бу йил Фарғона вилоятида 72 минг гектар майдонга хориж навлари парвариш қилинмоқда. 2025 йил 1 август ҳолатида дастлабки ҳосил чамалаш ишлари ўтказилганда, хорижий ғўза навлари ҳамда “Шинжон-Уйғур” тажрибаси асосида қўшқатор усулда парвариш қилинаётган майдонлардан
55-60 центнердан ҳосил олиш имконияти мавжудлигини кўрсатмоқда.
Албатта, Хитой тажрибаси асосида пахта етиштирувчи фермер хўжаликларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Президент ҳузуридаги пахтачилик кенгаши, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Республика агрохизматлар маркази ва ушбу идораларнинг вилоят бўлимлари, илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари ҳамда олимлар томонидан доимий равишда илмий тавсиялар бериб келинмоқда.
Бу эса пировардида соҳага илм-фан ютуқлари, инновациялар, хорижий тажрибаларни янада кенгроқ жалб этиш ҳамда йилдан-йилга ютуқлар, даромадлар салмоғини ошириб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг