Ўзини дистрибьютор деб танитган Хайрулло Шокиров қамоққа олинди
Фото: ИИББ
Ижтимоий тармоқларда ўзини дистрибьютор деб танитган Хайрулло Шокиров йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, пойтахт ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда содир этилиши») билан жиноят иши тергов қилинмоқда.
Тергов жараёнида аниқланишича, 1986 йилда туғилган Шокиров Хайрулла Убайдуллаевич алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан Instagram, Telegram ҳамда YouTube платформаларидаги «Хайрулло Шокиров» номли профиль орқали ўзини йирик дистрибьютор ва тадбиркор сифатида таништирган.
Шундан сўнг, у гўёки чет элдан катта миқдорда анор шарбати ва салқин ичимликлар олиб кириб, уларни республика ҳудудидаги савдо нуқталарига етказиб бериш ваколатига эга эканлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган. Фуқароларга дистрибюторлик орқали топган даромадидан катта фоизларни ваъда қилиб, алдаш йўли билан уларнинг ишончига кириб, жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.
Мазкур жиноят иши бўйича Хайрулло Шокиров гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
ИИББ мазкур шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ёки ушбу ҳолатлар бўйича бирор маълумотга эга бўлган фуқаролардан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг 71-206-40-99, 71-206-42-52 рақамларига ёки 102 қисқа рақами орқали мурожаат қилишларини сўрамоқда.
«Сизнинг мурожаатингиз жиноятни тўлиқ фош этиш ва адолатни таъминлашга хизмат қилади», дейилади идора хабарида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ялдо кечаси» романининг тақдимоти ўтказилди
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг