Ўзингники беминнат...
Навоий шаҳридаги “Navpromlitmash” МЧЖ мамлакатимиз саноатида сервис ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган корхоналардан бири ҳисобланади.
Корхонада 2018 йилдан металлургия ва машинасозлик йўналишида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар (иссиқлик алмаштиргичлари, фильтрловчи ғалвирлар, цилиндрсимон элаклар, пўлатдан бутловчи қисмлар ва деталлар, юқори босимга чидамли вентиллар, ҳар хил турдаги аралаштиргичлар, марказдан қочма концентратор) ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилиб, кейинчалик корхонада саноат, автомобиллар ва махсус техникалар учун ҳаво, газ ва мой фильтрлари ҳамда мис наконечниклар тайёрлаш ўзлаштирилди. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган 150 дан ортиқ турдаги ускуналар ва бутловчи қисмлар ҳамда қарийб 1 000 турдаги ҳаво, газ ва мой фильтрлари “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Қизилқумцемент” АЖ, “Навоийазот” АЖ, “Навоий ИЭС” АЖ ва бошқа йирик саноат корхоналарига кооперация асосида етказиб берилмоқда.

Мухтасар қилсак, ўтган давр мобайнида қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилиб, 250дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Европа ва Осиёнинг 10дан ортиқ давлати билан экспорт, тўртта мамлакати билан импорт алоқалари йўлга қўйилиб, “Universal filter” брендига асос солинди.
— Мамлакатимиз Президенти 2022 йилги вилоятимизга ташрифи чоғида корхонамизда бўлиб, республикамиз саноати корхоналарининг барқарор фаолияти ҳамда уларнинг эҳтиёт ва бутловчи қисмлар таъминотида мустақиллигини таъминлаш учун амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берган эди, — дейди “Navpromlitmash” МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Файзиев. — Мазкур йўналишларда ўнлаб лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Уларнинг аксарияти импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган.

Корхонада айни кунларда “Алюминий ва мисдан электр наконечниклар, сўриб олувчи қовурғали рукавалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, лойиҳа йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Умумий қиймати 30 млн. долларни ташкил этувчи мазкур лойиҳа туфайли 50 та янги иш ўрни яратилади. Энг муҳими, ички имкониятларни ишга солиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги лойиҳалар эвазига маҳсулот турларини кўпайтириш орқали ташқи бозор географияси кенгаяди. Ва, ниҳоят бир қатор маҳсулотлар импортига чек қўйилиб, бировнинг қош-қовоғига қарашга ҳожат қолмайди. Ўзингники беминнат, дея ота-боболаримиз бежиз айтишмаган, ахир!
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг