“Ўзбекнинг қоракўз болаларига, битта дунё қолсин ҳайратлик...”

20:05 12 Сентябр 2025 Жамият
150 0

12 сентябрь — Шавкат Раҳмон таваллуд топган кун

Истеъдодли ва соҳирнафас шоир Шавкат Раҳмон бугун ҳаёт бўлганида 75 ёшни қаршилаган бўларди. У орамизда йўқ бўлса-да ўзига хос ҳамда оташин шеърлари билан ҳамиша қалбларимизда яшайди!

* * *

Ҳали бирор ишни уддаламадим,

ҳали ҳеч кимсани қилмадим рози,

беҳуда ўтибди гўзал умримнинг

қанчалаб чиройли баҳори, ёзи.

Фароғат борлигин унутиб қўйдим,

бағримга чақинлар тегди дафъатан,

Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин

сочим оқарганда англадим, Ватан!

Бунча кеч англадим,

нега мунча кеч…

Англасам лоақал ўттиз йил аввал,

лоақал туғилмай туриб англасам…

Кўрган бўлармидим сени мукаммал.

Ҳали асл Ватан бўлмоғинг учун

овози тошларни ёрар куйчилар,

қанчалаб сеҳргар шоирлар керак,

қанча билим керак,

қанча куч-чидам.

Умрим кўчкилардай жимжит,

шиддатли,

буткул тинмоқ учун бир кун бемалол

фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир,

жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол.

Нақадар кечикиб англадим сени,

чақинлар йўқ қилса мени дафъатан,

айт, қандоқ чидайман бундай хўрликка,

айт, қандоқ ётаман қаърингда, Ватан!

Ёш ўзбек шоирларига

Сўзларни қайрайлик, обдан тоблайлик,

Идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,

Ўзбекнинг қоракўз болаларига

битта дунё қолсин ҳайратлик.

Битта дунё қолсин мустаҳкам,

эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,

чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,

мусаффо хаёллар, самолар қолсин.

Сўзларни қайрайлик, дўстлар, жўралар,

ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:

яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин

болакайлар учун очайлик.

Битта дунё қолсин мустаҳкам,

унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,

токим бу дарёлар бемалол оқсин,

болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик, тағин қарайлик,

токим кескир бўлсин бамисли олмос,

ўткир сўз қолмаса шоирларидан,

ўткир сўз қолмаса… ҳеч нарса қолмас.

Ой синиғи

Ой синиғи тўла сувлоққа

шаршарадай қуйилар ёллар.

Бу ёлларни силар меҳрибон

шабадалар – маъюс аёллар.

Кўк ёлларин сувга ботириб

не замонки сув ичар отлар.

Атрофдаги кўм-кўк адирлар

ўтовларда ботирлар ётар…

Бироқ тунда ўт-майсаларга

тўкиладир кимнинг ёшлари?

Нега сувдан бечора отлар

кўтаролмас оғир бошларин?

Нима бўлган уларга ахир

ё сеҳрлаб қўйганми сувлоқ?

Нега жимлик босган воҳада

беғам ухлар ботирлар узоқ?

Ҳамал

Эриб битди поёнсиз қорлар,

яна кўҳна замин туллади.

Водийдаги улкан ўриклар

бир кечада оппоқ гуллади.

Оқ булутлар ерга қўндими,

мўжизалар бўлдими содир?

Оҳ, нақадар ажойиб тунда

оқ машъала экилган водий.

Энди сафсар кечаларда оқ

машъалалар тутиб улуғвор

кенгликларда кезар чиройли

кундузларни ахтариб баҳор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?