Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтиш масканларида электрон дарвозадан фойдаланилмоқда

15:24 09 Ноябрь 2023 Жамият
281 0

Фото: “Халқ сўзи”

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, ҳар иккала давлатга кириб-чиқиш тартиблари соддалаштирилгани бунга аниқ мисол бўла олади.

— Авваллари Ўш шаҳрига бориб-келиш учун божхона постида бир ярим-икки соат вақтимиз кетарди, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Абдухолиқ Сатторов. — Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганим боис ҳафтада икки-уч марта қўшни давлатга бориб-келишимга тўғри келарди. Фуқаролик паспортида кирди-чиқди амалиётини тасдиқловчи муҳрга жой қолмаган пайтлари ҳам бўлган. Ҳозир эса ундай эмас. ID паспорт орқали атиги беш-ўн дақиқада Қирғизистон Республикасига ўтмоқдамиз.

Айтиш жоиз, Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” ўтказиш пунктида электрон дарвозанинг жорий этилиши кўплаб қулайликларни яратди.

— У саноқли дақиқалар мобайнида фуқаронинг паспорти орқали ҳужжатнинг ҳақиқийлигини, ўз эгасига мансублигини ва сана билан боғлиқ маълумотларни қайд этади, — дейди ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси Дилхушбек Раҳмонов. — Бунда ҳарбий хизматчилар иштироки таъминланмайди. Бу эса икки давлат ўртасидаги кирди-чиқди ҳаракатларининг шаффофлигини, тезкорлигини ва аниқлигини таъминлайди. Бу каби имконият Марҳамат туманидаги “Мингтепа” ўтказиш пунктида ҳам йўлга қўйилган.

— Асли Аравон туманиданман, — дейди Асака шаҳрида яшовчи Зулхумор Айсарова. — Шундай пайтлар бўлдики, ҳатто онам вафот этганида бора олмаганман. Кейинчалик чегара ўтказиш пункти қайта иш бошлагач, қариндошлар билан борди-келди муносабатларимиз яна тикланди. Шу йилнинг сентябрь ойида “Мингтепа” ўтказиш пункти фойдаланишга топширилгач, бу борада бир қанча қулайликларга эга бўлдик.

Хонобод шаҳридаги “Хонобод” халқаро ўтказиш пункти ҳам ҳар икки давлат фуқаролари учун катта имкониятлар эшигини очди. Куну тун фаолият олиб борувчи ушбу маскан мамлакатларни ўзаро боғлаб турувчи дўстлик дарвозаси вазифасини ўтамоқда. Бундан икки ой муқаддам фойдаланишга топширилган ушбу маскан бир кунда 20 минг нафар фуқарога хизмат кўрсатиши кўзда тутилгани ҳолда айни пайтда 2,5-3 минг нафар фуқарога ва ўртача 200 та автомобилга хизмат кўрсатмоқда. Халқаро мақомига эга бўлгани боис хорижлик ташриф буюрувчилар ҳам бу жойдаги имкониятлардан унумли фойдаланмоқдалар.

— Авваллари Қирғизистон Республикасига автомобилда ўтишнинг имкони бўлмаган, — дейди Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи Санжарбек Холматов. — Сўнгги йилларда “Дўстлик” чегара ўтказиш пункти орқали ҳаракатланишга рухсат берилди. Натижада шахсий автомашинамда Жалолобод шаҳрига 3,5 — 4 соатда бориб-келадиган бўлдим. “Хонобод” халқаро ўтказиш пункти иш бошлагач, атиги икки соат вақт сарфлайдиган бўлдим. Боиси, 180 километр масофа 100 километрга қисқарди. Қолаверса, ўтказиш пунктидаги тартиблар соддалаштирилди. Бундай имкониятдан хурсандмиз, албатта!

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, халқлар ўртасидаги дўстлик риштаси нафақат, давлатлараро иқтисодий, балки, фуқароларнинг ижтимоий муносабатларини ҳам ривожлантирмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?