Ўзбекистонда туризмнинг меҳнат бозоридаги ўрни: янги иш ўринлар ва малакали кадрлар зарурати

Туризм — иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири. Аксарият мамлакатлар, хусусан, иқтисодий ўтиш давридагилар учун туризмни ривожлантириш миллий даромадни диверсификация қилиш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий тараққиётни рағбатлантиришнинг муҳим воситасига айланмоқда.
Туризмнинг ривожланиши хорижий валюта оқими, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда кичик ва ўрта бизнес соҳасининг кенгайиши ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсишига хизмат қилади. Туризм туфайли инфратузилма ривожланади, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади. Хорижий тиллар ва миллий меросни билиш орқали аҳолининг маданий саводхонлиги юксалади. Туризм маданий анъаналар ва ҳунармандчиликни сақлашга ёрдам бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Мамлакатнинг чет эллик сайёҳлар учун нечоғлик жозибадорлигини кўрган аҳолида ўз юртига бўлган қизиқиш янада ортади.
Туризмнинг фаол ривожланиши мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш ва маданиятлараро алоқаларни яхшилашга ёрдам бериши билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, жамиятнинг экологик хабардорлигини оширади ва табиат неъматларидан барқарор фойдаланиш имконини беради. Буни миллий боғлар, қўриқхоналарни яратиш ва экотуризмни ривожлантириш мисолида кўриш мумкин.
Миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоғи
Ўзбекистонда туризм ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан ўрин олган шаҳарлар кўз олдимизга келади. Юртимиздаги ҳар бир шаҳарни бориб кўриш учун юзлаб сабаб топиш мумкин. Тошкент, Қўқон, Андижон, Шаҳрисабз — бу охири йўқ замонавий шарқ эртаги.
Сўнгги йилларда юртимизда туризмни миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатнинг бой тарихий мероси, маданий ва табиий бойликлари, соғломлаштириш туризми имкониятлари ҳамда транспорт инфратузилмасининг яхшиланиши Ўзбекистонни халқаро туризм харитасида янги нуқтага айлантирмоқда. Бу жараён меҳнат бозорида ҳам ўз аксини топмоқда — туризм янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни оширишда муҳим омилга айланмоқда.
Туризм соҳаси тўғридан-тўғри ва билвосита иш ўринлари яратадиган қувватли тармоқ ҳисобланади. Отеллар, хостеллар, ресторанлар, гидлар хизмати, транспорт, экскурсия ташкилотчилари, ҳунармандчилик ва маҳаллий савдо сингари йўналишлар айнан туризм туфайли ишчи кучи талабини яратиб беради.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, охирги 5 йил ичида соҳага боғлиқ хизмат кўрсатиш соҳаларида юз минглаб янги иш ўринлари яратилган. Бу, айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби туризм марказларида аҳолининг меҳнат фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, туризмнинг ривожланиши орқали аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш имкониятлари ҳам кенгаймоқда.
Туризмнинг ривожланиши Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ғояларига ҳамоҳанг. Туризм инсоннинг қизиқувчанлигини қондириб, унинг маънавий дунёсини бойитади, жисмонан соғломлаштиради, дам олиш ва янги тажриба орттириш жараёнини уйғунлаштириш имконини беради.
Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм хизматлари экспорти 1,6 баробарга ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етгани таъкидланди. Ушбу соҳада 2 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.
Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланяпти. Жумладан, сўнгги саккиз йилда туризм соҳасига 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилди. Мамлакатда 20 та туризм қишлоғи фаолият кўрсатяпти. Бўстонлиқ туманида “Amirsoy”, “Ugam River” курортлари, туризм зоналари ташкил этилди. Паркент туманидаги “Олтин бел” чўққисида янги халқаро тоғ-чанғи зонаси барпо этиляпти. Буларнинг барчаси, жумладан, мамлакатимизнинг тарихи, маданияти ва бой табиати сайёҳлар келишини 2-3 карра кўпайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ дарвозаси” мажмуаси туризмни ривожлантириш учун истиқболли масканлардан бири ҳисобланади. Яна бир лойиҳа Яшнобод туманида океанариум қуришга қаратилган. Янги сайёҳлик объекти 20 гектар майдонни эгаллайди. Унинг ёнида савдо-меҳмонхона мажмуасини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу 1,6 мингта иш ўрни яратиш имконини беради. Шу билан бирга, Чорвоқ сув омбори қирғоғида 10 та кичик зоналарга бўлинган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро сайёҳлик марказини қуриш режалаштирилмоқда. Уларнинг ҳар бири бир қадам масофада жойлашган дам олиш масканлари ва зарур хизматларни ўз ичига олади. Давлатимиз раҳбари марказ барча ташриф буюрувчилар учун қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, барча зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Туризм соҳасига хусусий секторни жалб қилиш ва бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, маданий мерос объектларини ижарага бериш механизмини такомиллаштириш ва улардан тушадиган даромад ҳисобини рақамлаштириш бўйича масалаларни ҳал этиш муҳим.
Малакали кадрлар — соҳа тараққиётини таъминловчи куч
Туризм соҳасидаги ривожланиш салоҳиятига қарамасдан, кадрлар билан таъминланиш бўйича айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Аввало, меҳмонхона менежмент, туристик логистика, гидлик ва туроператорлик каби аниқ мутахассисликларда етарли билим ва тажрибага эга кадрлар етишмайди.
Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун комплекс ёндашув зарур. Биринчидан, таълим ислоҳоти: туризмга ихтисослашган коллеж ва университетларда таълим дастурларини бозор талабларига мослаштириш, касбий ўқув курсларини ташкил қилиш зарур.
Иккинчидан, амалиёт ва стажировкаларни кенгайтириш масаласи: талабалар туризм объектларида амалий тажриба орттириши учун “dual education” (иккала томонлама таълим) тизимини самарали жорий этиш ўз натижасини беради, албатта.
Учинчидан, тил билимларини ошириш ва янада мустаҳкамлаш керак. Бунда гидлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар учун махсус тил курсларини ташкил этиш, онлайн таълим платформаларидан унумли фойдаланиш лозим.
Тўртинчидан, хусусий сектор билан ҳамкорлик: Таълим муассасалари ва хусусий туристик компаниялар ўртасида келишувлар асосида кадр тайёрлаш ва ишга жойлаштириш тизимини яратиш мақсадга мувофиқдир.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан ғоятда муҳимдир.
Унга мувофиқ, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасидаги давлат олий таълим муассасаларида туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизими уч йиллик олий таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади ва ўқув жараёни “блок-модуль” тизимига асосланган дуал таълим шаклида ташкил этилади. Бунда, ўқув жараёнларининг назарий ва амалий машғулотлар улуши:
биринчи босқичда — 80 фоиз назарий ва 20 фоиз амалий;
иккинчи босқичда — 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий;
учинчи босқичда — 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий бўлиши назарда тутилади.
Қолаверса, 2024 йил 1 августдан бошлаб туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида таълим жараёнини амалиёт билан бирга олиб бориш мақсадида уларнинг ҳудудларида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилди.
2027 йил 1 январга қадар туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг амалиёт базаларида кўрсатилган хизматлар учун фойда солиғи ушбу солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўланади. Бунда, ушбу солиқ имтиёзини қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлар ташкил этилаётган хизматлар кўрсатиш объектларининг моддий-техника базасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Мазкур қарор билан 2024-2025 йилларда туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда олий таълим муассасалари томонидан ҳудудларда туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм академиясида меҳмонхоналар ва ресторанлар учун юқори малакали хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи гид-таржимонлар сонини ошириш мақсадида, олий таълим муассасалари ҳузурида шартнома асосида араб, япон, хитой, ҳинд, испан, италян, корейс, урду, индонез ва малай тилларида хизмат кўрсатувчи гид-таржимонларни тайёрлаш бўйича қўшимча курслар ташкил этилиши ўз натижаларини бериши шубҳасиз.
Хулоса ўрнида
Туризм — Ўзбекистон иқтисодиётининг келажакдаги драйвер тармоқларидан бири бўлиб, меҳнат бозоридаги ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Янги иш ўринлари яратилиши, ҳудудий ривожланиш ва ижтимоий барқарорликка хизмат қилаётган туризм соҳаси, ўз навбатида, юқори малакали кадрларга эҳтиёж сезмоқда. Ушбу муаммонинг ечими таълим, давлат сиёсати ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликдадир. Фақат шундагина Ўзбекистонда барқарор ва рақобатбардош туризм экотизимини яратиш мумкин бўлади. Бунинг учун эса мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд.
Хуршида ТЎХТАЕВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Меҳнат иқтисодиёти кафедраси катта ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг