Ўзбекистонда коррупцияга қарши ислоҳотларни кучайтиришга қаратилган «йўл харитаси» тақдимоти ўтказилди

16:12 27 Май 2025 Сиёсат
190 0

2024 йил 27 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбиддин Бурханов Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) Аксилкоррупция тармоғи доирасидаги Истанбул ҳаракатлар режасининг 5-раунди базавий ҳисоботи ва Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ислоҳотларини янада такомиллаштиришга қаратилган «йўл харитаси» лойиҳаси тақдимотида иштирок этди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ИҲТТ ва халқаро ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимотда таъкидланишича, ИҲТТ томонидан ишлаб чиқилган Истанбул ҳаракатлар режаси бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда муҳим стратегик йўналиш вазифасини ўтамоқда. У нафақат амалга оширилган ишлар самарадорлигини баҳолаб беради, балки эътибор қаратилиши лозим бўлган устувор соҳаларни ҳам аниқлаб бермоқда. 2024 йилда ўтказилган 5-босқич мониторинги тўққизта асосий йўналишни қамраб олди: коррупцияга қарши сиёсат, манфаатлар тўқнашуви ва мол-мулк декларацияси, хабар берувчиларни ҳимоя қилиш, бизнесда холислик, давлат харидларида ҳалоллик, суд ва прокуратуранинг мустақиллиги, ихтисослаштирилган идоралар фаолияти ҳамда жиноий таъқиб масалалари.

Тақдимот давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ижобий баҳолангани маълум қилинди. Хусусан, давлат харидлари ва хусусий секторда ҳалолликни ошириш, фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш борасидаги натижалар минтақада эътирофга сазовор бўлган. Мамлакатимиз коррупцияга қарши курашиш соҳасида ИҲТТ баҳолаш тизимида энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этгани ҳам алоҳида таъкидланди.

Бу ютуқлар Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги қатъий сиёсий ирода, парламент ва ижро ҳокимияти органларининг амалий саъй-ҳаракатлари, шунингдек, халқаро ҳамкорларнинг яқин кўмаги билан қўлга киритилгани алоҳида қайд этилди. Бундай ёндашув Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида ИҲТТ томонидан берилган тавсиялар асосида ишлаб чиқилган «йўл харитаси» лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Унга мувофиқ, коррупцияга қарши курашни янада самарали ташкил этиш учун аниқ вазифалар белгиланиб, амалга ошириш механизмлари келишиб олинди. Бу ҳужжат мамлакатда шаффофлик, ҳисобдорлик ва ҳалолликни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли ислоҳотлар учун асос бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?