Ўзбекистонда илк бор реставраторлар семинари ўтказилмоқда
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан 5-6 октябрь кунлари Самарқандда илк бора «Ўзбекистонда реставрация санъатини қайта тиклаш маданий мерос ва маданий ёдгорликларни асрашга доир долзарб масалалар» мавзусида реставраторлар семинари ўтказилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ва нодир маданий меросини асраб-авайлашни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш, инновасион ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини самарали қўллаш чораларини кўриб чиқиш мақсад қилинган. Ушбу семинарда Ўзбекистоннинг барча реставратор усталари иштирок этяпти.
Семинарни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири А. Абдуҳакимов очиб берди.
Таъкидланганидек, Ватанимиз ҳудудидаги ўтмишдан садо берувчи кўплаб тарихий обидаларнинг маҳобати, ўзига хос меъморий услуби, минглаб йиллар силсиласидан бизгача етиб келаётгани бутун дунёни лол қолдирмоқда. Мамлакатимизга сайёҳларнинг аксарияти аждодларимиз томонидан бунёд этилган муҳташам санъат асарларини ўз кўзи билан кўриш, улардаги улуғворликни ҳис қилиш учун ташриф буюришади.
Умуман олганда, маданий мерос объектлари, тарихий обидалар бу фақатгина туризм объекти эмас, биринчи навбатда, бу халқимизнинг бойлиги ҳисобланади. Уларда миллатимизнинг буюк тарихи, маданияти акс этган.
Тан олиш керак, соҳада мутахассислар етишмайди, айрим ҳолларда тарихий обидаларни таъмирлаш, тиклаш ишлари маданий меросни қиймати, қадрини тушунмайдиган шахсларга топширилган. Меъморчилик санъатининг дурдоналарини реставрация қиламан, таъмирлайман деб тарихий, бадиий қийматига шикаст етказган ҳолатлар ҳам бўлган.
"Дарҳақиқат, шонли тарихимиздан дарак берувчи тарихий қадамжолар, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш бугунги авлоднинг муҳим вазифаси ва бурчидир. Маданий мерос объектларини таъмирлаш жуда нозик иш. Шу боис уларни таъмирлаш ва тиклаш ишларига ўз ишининг усталарини, айнан ўзбек меъморчилиги йўналишдаги мутахассисларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда, биз уларни тиклаш ўрнига, уларга тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказишимиз мумкин.
Биз ушбу семинар орқали соҳадаги келгуси 10 йиллик мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, Ўзбекистон реставрация санъатини бутун дунёга тараннум этишни ният қилиб олганмиз. Ўйлайманки бугунги ташкил этилаётган тадбир ҳам соҳадаги янги билим ва кўникмаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашинув учун катта мактаб бўлади", — деди Азиз Абдуҳакимов.
Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, ўз нутқи давомида яқин вақтлар ичида Ўрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этишни таклиф қилди.
Икки кун давом этадиган семинарда бир қатор мутахассисларнинг чиқишлари режалаштирилган бўлиб, уларда маданий мерос объектларини асрашга доир ишларга малакали уста реставраторларни жалб қилиш, Ўзбекистон имиджини кўтариш, ютуқларни оммалаштириш, соҳадаги камчиликларни муҳокама қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда анъанавий реставрация услубларини қайта тиклаш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.
Сўнгги уч йилда 250 дан ортиқ маданий мерос объектлари реставрация ва консервасия қилинган. Мазкур объектларга давлат бюджетидан 339 млрд. сўм маблағ сарфланган. Бугунги кунда республикамизда 400 дан ортиқ уста-реставраторлар бор.
Маданий мерос объектларини таъмирлаш ва тиклаш ишларига ўз ишининг усталарини, айнан ўзбек меъморчилиги йўналишдаги мутахассисларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу сабабли Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлигида соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, маданий мерос объектларини асл ҳолати бўйича таъмирлашнинг тизимли механизмини жорий қилиш мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги «Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновасион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5150-сонли қарорига асосан, «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси»нинг минтақавий реставрация мактаблари ташкил этилиши белгиланган.
Шу муносабат билан, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги «Маданий мерос объектлари дирекцияси» давлат муассасасининг «Бухоро», «Шаҳрисабз», «Самарқанд», «Термиз», «Қўқон», «Хива» минтақавий реставрация марказлари ташкил этилмоқда.
Мазкур реставрация марказларининг асосий вазифаси маданий мерос объектларида илмий асосланган лойиҳалар асосида таъмирлаш-тиклаш ва консервасиялаш ишларини олиб бориш, маданий меросимизни Ўзбекистонда ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш, унинг ноёб намуналарини сақлаб қолиш орқали келажак ёш авлодга етказиш белгиланган.
Эндиликда ҳар бир маданий мерос объектларининг реставрация ва консервасия ишлари ушбу мактабнинг илмий хулосалари асосида амалга оширилади.
Хулоса сифатида таъкидлаш зарурки, ўтмишдан бугунги кунга қадар замонлар силсиласидан ўтиб келаётган миллий маданий меросимизга бўлган муносабат сўнгги йилларида тубдан ўзгарди. Иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида ривожланиб келаётган туризм соҳасида сайёҳларни жалб қилишнинг асосий йўналишларидан бирига айлантирилди.
Ушбу семинар келажакда анъанавий тарзда ўтказилиши мақсад қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг