Ўзбекистон ва Польша чегара хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиради

19:31 14 Март 2026 Жамият
434 0

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Агзамходжаев Польша чегара хизмати бош коменданти, генерал Роберт Баган билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда транспорт коридорларининг тўлақонли фаолият юритиши муҳим эканлиги қайд этилди. Томонлар логистик йўлаклар самарадорлигини ошириш ва юк ташиш жараёнларини енгиллаштириш бўйича фикр алмашдилар.

Учрашувда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистонлик мутахассисларни Польшага тартибли ва хавфсиз тарзда ишга жалб этиш икки томонлама муносабатларнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди.

Музокараларнинг муҳим қисми икки давлат чегара хизматлари ўртасидаги бевосита ҳамкорликка бағишланди. Жумладан, Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари ва Польша чегара хизмати ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва хавфсизликни таъминлаш масалаларида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер