Ўзбекистон Суперлигаси энг қизғин паллада

14:07 02 Ноябрь 2025 Спорт
915 0

Ўзбекистон Суперлигаси якуний паллада. Ноябрь ойида мухлисларни бир қатор қизиқарли ва ҳал қилувчи ўйинлар кутмоқда.

«Пахтакор» – «Бунёдкор»

3 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тури доирасида мухлислар Тошкент дербисига гувоҳ бўлади. Шу куни «Пахтакор» клуби ЖАР стадионида «Бунёдкор» билан куч синашади.

Тошкент дербиси доимо катта қизиқишларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Ҳатто, «Пахтакор» қаторасига 5 марта Ўзбекистон Суперлигаси ғолиби чиққан 2019–2023 йилларда ҳам «Бунёдкор»га қарши баҳсларда жиддий қаршиликка учраган.

Шунингдек, айни вақтда ҳар икки жамоа Суперлиганинг бронза медаллари учун курашмоқда. Шу сабабли ушбу баҳс икки томонлама аҳамиятли.

«Бухоро» – «Нефтчи»

7 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тури доирасида «Бухоро» клуби ўз майдонида «Нефтчи»ни қабул қилади.

«Нефтчи» клуби айни пайтда Суперлига ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Сўнгги турларда очко йўқотиш жамоага қимматга тушиши аниқ.

«Бухоро» клуби эса Ўзбекистон Кубоги финалида мағлубиятга учради. Шу сабаб жамоа мухлислари олдидаги айбини ўз майдонида пешқадамлардан бирини мағлуб этиш орқали ювиши мумкин. Шунингдек, «Бухоро» клуби Суперлига жадвалида сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Шу боис Александр Хомяков бошчилигидаги жамоа ҳам осонликча таслим бўлмаслиги аниқ.

«Насаф» – «Машъал»

8 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тури доирасида мухлислар Қашқадарё дербисига гувоҳ бўлади. «Насаф» клуби Қаршида «Машъал» билан куч синашади.

Қашқадарё дербиси доимо воҳалик футбол мухлисларининг диққат марказида бўлгани барчамизга маълум. Унинг устига, ҳар икки жамоага айни пайтда ғалаба сув ва ҳаводек зарур.

Чемпионлик учун курашаётган «Насаф» сўнгги турларда фақат гранд клублар билан тўқнаш келмоқда. Шу шароитда «Машъал» клубини мағлуб этиш жамоага жуда муҳим 3 очкони олиб келади.

«Машъал» клуби эса Суперлиганинг энг қуйи ўринларида бормоқда. Жамоа лигада жон сақлаб қолмоқчи бўлса, бундан буёғига очко йўқотишга ҳаққи йўқ.

«Пахтакор» – «Насаф»

20 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 29-турининг марказий ўйини бўлиб ўтади. Ўша куни «Пахтакор» ЖАР стадионида «Насаф»ни қабул қилади.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар ҳар доим принципиал аҳамиятга эга бўлиб келган. Сўнгги 6 та ўйиннинг 4 таси дуранг билан якунланган. Шунингдек, 1 та ўйин «Насаф»нинг, яна 1 та баҳс «Пахтакор»нинг ғалабаси билан тугаган.

Айни вақтда «Пахтакор» бронза медали учун, «Насаф» эса чемпионлик учун курашмоқда. Шу боис ушбу ўйинда қўлга киритиладиган 3 очко ҳар икки жамоага сув ва ҳаводек зарур.

«Нефтчи» – «Қизилқум»

22 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 29-тури доирасида «Нефтчи» жамоаси ўз майдонида «Қизилқум» клубини қабул қилади.

Бу чемпионлик учун курашаётган «Нефтчи» клубининг 2025 йилги мавсумда ўз майдонида ўтказадиган сўнгги ўйини бўлади.

Сўнгги турда «фарғоналиклар»ни лигани тарк этмаслик учун тиш-тирноғи билан курашаётган «Хоразм» жамоаси майдонида жиддий баҳс кутмоқда. Шу боис Виталий Левченко шогирдларидан «Қизилқум»га қарши ўйинда фақат ғалаба кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?