«Ўзбекистон почтаси» хусусийлаштирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
Фото: UzPost
Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон почтаси» хусусийлаштирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, «Газета.уз» нашри битимдан хабардор манбасига таяниб, компаниядаги давлат улуши Россиядаги онлайн-платформага ўтгани ҳақида маълумот берди. «Ўзбекистон почтаси» АЖ ушбу хабарлар ортидан расмий баёнот билан чиқди.
Билдирилишича, Жамият томонидан инфратузилмани модернизация қилиш, логистикани ривожлантириш, рақамли ечимларни жорий этиш, почта тармоғини кенгайтириш, шу жумладан қишлоқ ва олис ҳудудларда почта жўнатмалари ва посилкаларни қайта ишлаш ҳамда етказиб бериш бўйича замонавий қувватларни яратиш учун инвестицияларни жалб этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
«Компания трансформациясини амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш унинг фаолиятини узоқ муддат барқарорлигини таъминлаш, етказиб бериш бўйича хусусий операторлар ривожланаётган шароитда рақобатбардошликни ошириш, замонавий хизмат кўрсатишнинг сифат стандартларини жорий этиш, шунингдек республика аҳолиси учун, жумладан узоқ ва олис ҳудудларда универсал почта хизматларининг мавжудлигини таъминлаш имконини беради», дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, ушбу тадбирлар янги иш ўринлари яратилишига, электрон тижорат ва бутун мамлакат ҳудудида бу билан боғлиқ хизматларнинг ривожланишига хизмат қилади.
Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг акциядорлари сифатида давлат ташкилотлари – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги, шунингдек, давлат иштирокидаги бешта корхоналар ва 16 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар иштирок этмоқда.
«Жамият фаолиятига йирик инвесторни жалб этиш билан боғлиқ ўзгаришлар юз берган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ тегишли маълумот расмий тарзда ошкор қилинади», дейилади UzPost ахборотида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг