Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов оламдан ўтди

13:14 16 Апрель 2021 Маданият
9280 0

Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Халқаро “Чингиз Айтматов” мукофоти совриндори, “Муқимий” номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри директори, таниқли актёр Мирза Азизов оламдан ўтди.

Ўзбекистон халқ артисти  Азизов Мирза Мамаджонович 22 май 1963 йилда Наманган вилояти Чуст шаҳрида таваллуд топган.

1999 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 2015 йили "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонлари билан мукофотланган.

Мирза Азизов “Юсуф ва Зулайхо” да Фиръавн, “Фарҳод ва Ширин” да Баҳром, “Нодирабегим” мусиқали драмасида Мадалихон, “Алпомишнинг қайтиши” спектаклида Алпомиш, “На малакман, на фаришта” да Машраб, “Топталган туйғу” да Бойсоат, “Медея” да Креонт каби образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, томошабинларнинг меҳри ва эътиборини қозонган.

У кўплаб фильмларда етакчи ролларни ўйнаган. Жумладан, “Кўнгил кўчалари” сериалида Санжар, “Остона” да майор Мўминов, “Имом Бухорий” да хабаш, “Гулхан атрофидагилар” да Хазрат Қораевич каби роллари орқали миллий сериалларимизда ҳамда “Муҳаббат синовлари” фильмида Азиз Мирзаевич, “Тубанлик”да Турғун хожи, “Марғиёна” да темирчи, “Мурувват” да Қодир, “Мухаббатимсан” да Шухратхўжа, “Гумроҳлар” да Мирза Махмудов, “Новда” да бош врач сингари 50 дан зиёд киноларда асосий ролларни ижро этиб, халқимиз дилидан жой олган.

Мирза Азизов 2014 йили “Эътироф” миллий мукофотининг “Йилнинг энг яхши кино актёри” номинациясига сазовор бўлган.

“Халқ сўзи” таҳририяти марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?