Ўзбекистон — Финляндия: таълим тизимидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

19:48 13 Май 2022 Жамият
1590 0

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Финляндия ректорлар кенгаши раисининг ўринбосари, Карелия университети ректори Петри Райво бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон — Финляндия таълим тизимидаги ҳамкорлик, икки университет муносабатларини яхшилаш, СамДУ нинг Ўзбекистон — Финляндия педагогика институтига финляндиялик профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш каби бир қатор масалалар муҳокама этилди.

— Президентимиз ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим тизимида ўзининг яққол исботини кўрсатмоқда, — дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. — Бугун университетларимиз таркибида ташкил этилаётган институтлар ўша соҳага янада чуқурроқ кириб бориш имконини бермоқда. Самарқанд давлат университети бугун Финляндия таълим тизимининг истиқболли йўналишларини юртимизда жорий қилиш, интеграциялашувини жадаллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб олган. Ўйлайманки, яқин фурсат ичида ушбу илмий ҳамкорлигимиз ўзининг амалий натижаларини кўрсатади.

— Бугун Самарқандга илк марта келиш бахтига муяссар бўлдим, — дейди Финляндия ректорлар кенгаши раисининг ўринбосари Петри Райво. —Тарихчи бўлганлигим боис ушбу қадимий шаҳар менда ажойиб таассурот қолдирди. Агар Самарқандни уч сўз билан таърифлаш мумкин бўлса, чиройли, қадимий ва илмий шаҳар, деган бўлардим. Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг фикрлари менга жуда ёқди. Биз биргаликда профессор-ўқитувчилар ҳамда докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш, биргаликда самарали илмий тадқиқотлар ўтказиш юзасидан келишиб олдик.

Яна шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон сўнгги йилларда ўзини дунёга очиб, ҳар соҳада ҳамкорликни ривожлантира олди. Юртингизда бўлаётган ўзгаришлар менда жуда ажойиб таассурот қолдирди. Финляндияга қайтишим биланоқ, ҳамкасбларим ҳамда юртдошларимга Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб бераман.

Ташриф доирасида Финляндия делегация Самарқанднинг тарихий қадамжолари — Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, хусусан, Мирзо Улуғбек мадрасасининг тарихи, фаолияти билан танишди.

Отабек САЪДУЛЛАЕВ,

СамДУ ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?