Ўзбекистон Буюк Британия билан ЖСТ бўйича музокараларни якунлади

Фото: Азизбек Ўрунов / LinkedIn
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни юзасидан Буюк Британия билан икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов маълум қилди.
Ўруновнинг қайд этишича, келишув ўтган ой охирида Лондонда бўлиб ўтган учрашув натижаси бўлиб, ички тасдиқлаш тартиб-қоидаларидан ўтган. Уни имзолаш 12 июнь куни Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 10-йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган.

Шунинг билан, Буюк Британия Тошкент ЖСТга киришга тайёргарлик жараёнида келишувга эришган 24-савдо ҳамкорига айланди.
«Фурсатдан фойдаланиб, Буюк Британия томонига аъзо бўлишимизни кучли қўллаб-қувватлагани учун ҳамда Ўзбекистон музокаралар гуруҳига тинимсиз меҳнати учун ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман», деб ёзади Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedInʼдаги саҳифасида.
Унинг қўшимча қилишича, икки томонлама битимларни якунлаш учун яна бир нечта ЖСТга аъзо давлатлар қолган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов Лондонга ташриф буюриб, Британия бизнес ва савдо вазирининг ўринбосари Гарет Томас, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва экспертлар даражасида музокаралар ўтказган эди. Ўшанда Буюк Британия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаганди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг