Ўзбек шеъриятининг оташнафас шоири Азим Суюннинг «Танланган асарлар» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

11:38 21 Июнь 2025 Жамият
359 0

Фото: Жалолиддин Ражабов/«Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 20 июнь куни, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўзбек шеъриятининг оташнафас шоири Азим Суюннинг «Танланган асарлар» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир юртимизнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган ижодкорлар, адабиётшунослар, ёш шоирлар ҳамда китобсеварлар учун ҳақиқий адабий байрамга айланди.

Тақдимот маросимини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, шоир Сирожиддин Сайид очиб берди. У ўз нутқида Азим Суюннинг ўзбек адабиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида тўхталди.

Тақдимот доирасида яна бир муҳим адабий воқеа – адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошнинг «Азим Суюн шахсияти ва ижодий қиёфасига чизгилар» номли китоби ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Ушбу асарда Азим Суюннинг ижодий изланишлари, тарихий-маданий онгимиздаги ўрни кенг ёритилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирнинг яна бир ёрқин жиҳати – Фотограф Аҳмад Тўра томонидан ташкил этилган «Кўнгил кенгликлари бўйлаб» номли фотокўргазмаси бўлди. Бу кўргазмада Азим Суюннинг оддий ҳаётий лаҳзалари, дўстлари даврасидаги табассуми, саҳнадаги илҳомли дақиқалари акс этган. Кўргазма тақдимот маросимига ташриф буюрган меҳмонларда илиқ таассуротлар қолдирди.

Азим Суюн – кўп тилларда ўқилган, кўп юракларда яшайдиган шоир. Унинг шеърлари турк, инглиз, араб, рус, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ҳамда тува тилларида чоп этилган. Шоирнинг «Сарбадорлар» трагедияси, «Замин тақдири», «Ўзбекистон», «Бир томчи сув денгизга айланган кеча ва ёки иморат» каби достонлари адабиёт шайдолари орасида жуда машҳур. Азим Суюн – фақат шоир эмас, балки драматург, публицист сифатида ҳам халқимизнинг қалбида ўчмас из қолдирган.

Отабек Саидаҳмадов,

Жалолиддин Ражабов,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?