Ўзаро муносабатларда янгича импульс

14:44 31 Январь 2023 Жамият
558 0

Шиддат билан ривожланиб бораётган халқаро майдонда ҳар бир давлатнинг яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш омили ҳар қанчонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янги Ўзбекистон шароитида Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинди.

Шу ўринда Президентимизнинг ташаббуслари билан илгари сурилган ғоялар ва яратилган янгича форматлар натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида конструктив мулоқот муҳити шаклланди.

Яқинда мамлакатимиз раҳбарининг Қирғизистонга амалга оширган икки кунлик давлат ташрифи чин маънода тарихий воқелик бўлди.

Қайд этиш жоизки, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат чегарасини делимитация ҳамда демаркация қилиш, транспорт коммуникациялари самарадорлигини ошириш ва бошқа долзарб масалаларга ечим топилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома тузилганлиги минтақамизда қўлга киритилган ўзига хос дипломатик ютуқ бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бўйича келишувларга эришилгани халқаро экспертлар орасида ижобий муносабат ва юқори баҳога сабаб бўлди. Уларнинг фикрича, икки дўст давлат ўртасидаги чегараларнинг қонуний тартибга солиниши минтақадаги чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этишнинг намунаси бўлиши мумкин.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга эришилганлиги ҳам ўзбек ва қирғиз халқларининг узоқ йиллик орзулари амалга ошиши ҳисобланади.

Эндиликда Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, худди шундай Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга биргина ID-карта орқали киришлари мумкин.

Ушбу ташриф давомида қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан яна бири Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация бўлди. Бу давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожида янги даврнинг бошланишидир.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Икки давлат ўртасидаги парламентлараро муносабатлар дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди, муаммоларга муросали ечим топиш ва низоларни олдини олишга хизмат қилади.

Шу маънода, 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари бугунги кунга келиб янги босқичга кўтарилганлигини қайд этиб ўтиш лозим.

Парламентлараро ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Хусусан, ҳозирги кунга қадар 20 дан ортиқ парламентлараро делегациялар алмашинилган. 2020 йил 10 июлга келиб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғиз Республикаси Жогоргу Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия ташкил этилди.

Шунингдек, парламентлараро “Марказий Осиё лидер аёлларининг минтақавий мулоқоти” доирасида ҳам кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 10 дан зиёд тадбирда дўстона руҳда иштирок этиб келинмоқда.

Қардош давлатларнинг парламентлараро муносабатлари қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Қирғиз Республикаси Жогору Кенеши Девони Тадқиқот маркази ўртасида 2018 йилда Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандум доирасида парламент ақл марказлари (“think tank”) ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Жумладан, ўтган давр мобайнида парламентлар фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ўзига хослиги, қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда миллий қонунчиликни ривожлантириш борасида туркум тадбирлар ўтказилиб, гибрид форматда доимий мулоқот амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасида ҳам ўзаро манфаатли амалга оширилаётган бўлиб, кун тартибига қўйилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинишида бир хил ёки яқин позицияни намоён этмоқда.

Шу нуқтаи назардан икки томонлама алоқалар ва ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, кўп қиррали шерикликни ривожлантиришда парламентларнинг имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш жуда муҳим.

Умуман олганда, ҳозирги кундаги Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихан мисли кўрилмаган юқори даражада ривожланмоқда. Икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстона, стратегик шериклик муносабатларини нафақат сақлаб қолиш, балки уни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш доимий ва долзарб аҳамиятга эга.

Жасур ХУДОБЕРГАНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари

ва парламент тадқиқотлари институти Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъбаси мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер