Ўзаро манфаатли ҳамкорлик

12:06 23 Октябр 2024 Жамият
84 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар самараси сифатида Фарғона вилоятида ҳам бизнес юритиш, инвестициявий салоҳиятни ошириш учун барча имкониятлар мавжуд.

Вилоят 142 та архитектура, 118 та археологик, 33 та маданий ёдгорликлари ҳамда 88 та диққатга сазовор жойлари ва юзлаб бебаҳо тарихий ёдгорликлари билан чет эллик сайёҳларни ўзига жалб этади. Риштон кулолчилиги, Марғилон шойи ипаги ва Қўқон ҳунармандчилиги бутун дунёга машҳур.

Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти борасида республикада етакчи ўринни эгаллайди. Мевазор боғлар, узумчилик, дон, полиз ва сабзавот маҳсулотлари қишлоқ хўжалигининг асосий драйверидир.

Ўтган ҳафта Қўқон шаҳри иккита нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Тарихий Ўрда майдонида ўтказилган «Фарғона – водий гавҳари. Инвестиция ва туризм истиқболлари» мавзуида халқаро форумда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан 100 дан зиёд компаниялар иштирок этди.

— Икки кун давом этган форумда Венгрия, Қувайт, БАА, Туркия, Қатар сингари мамлакатларнинг йирик компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вилоятга 300 миллион доллар ҳажмида инвестиция жалб этишга келишилди, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов. — Бу келишувлар натижасида қишлоқ хўжалиги, электротехникаси, логистика маркази ташкил этиш, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоқларида янги-янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади.

Хориждан ташриф буюрган инвесторлар, компаниялар раҳбарлари вилоятдаги саноат зоналари, логистика марказлари ҳамда туризм объектлари фаолияти билан танишди. Қувонарлиси, тадбирлар якунида Ўзбекистон Марказий Осиёда инвестиция киритиш учун энг қулай мамлакат сифатида эътироф этилди. Бу борада ҳудудлар, хусусан, Фарғона вилоятининг инвестиция салоҳияти тобора юксалиб бораётгани таъкидланди.

Шунингдек, ўтган ҳафта Қўқон шаҳрида Ўзбекистон – Венгрия ўртасида ҳудудлараро биринчи форум ҳам ўтказилди. Унда қардош юртнинг Яс Надькун Сальнок вилояти президенти Имре Хубай, ижрочи ҳокими Аттило Берко бошчилигидаги делегация қатнашди. Тадбирда Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри билан Яс Надькун Сольнок вилояти ўртасида биродарлашган ҳудуд мақомини берувчи ҳамкорлик битими имзоланди.

Ўз навбатида, икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасидаги мулоқотлар кўламини янада кенгайтириш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Айтиш жоиз, Фарғона вилояти ва Венгрия ўртасидаги ўзаро товар айланмаси охирги беш йилда 4,1 млн. долларни ташкил этди. Вилоятнинг 45 та корхоналари томонидан Венгрия Республикаси билан кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Форумда қайд этилганидек, Фарғона вилояти ва Венгрия бозорлар, савдо оқимларини диверсификация қилиш, кимё, озиқ-овқат, машинасозлик, фармацевтика ва тўқимачилик саноати маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмларини кўпайтиришда улкан салоҳиятга эга. Бу каби юзма-юз мулоқотлар эса ҳамкорлик кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?