Ўтган олти ойда одил судловни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйганлиги сабаб 12 нафар судья лавозимидан озод қилиниб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган — Судьялар олий кенгаши

14:15 03 Август 2023 Жамият
416 0

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров маълум қилди.

Судьялар олий кенгаши - судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Очиқлик принципи Кенгаш фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, профессионал суьялар корпусини шакллантириш, судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлаш жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологиялари жорий этилганидан жамоатчиликнинг хабари бор. Тайинловлар очиқ танлов шаклида ўтказилаш орқали очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда.

Судьяларни тайинлаш, жой-жойига қўйиш, бўш лавозимлар учун очиқ ва ошкора ўтказилган танловлар натижасида  ўтган олти ойда 133 нафар номзод судьялик лавозимига тайинланди. Уларнинг 55 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг навбатда 10 йиллик муддатига, 3 нафари муддатсиз даврга, 72 нафари ваколати муддати даврига юқори ва бошқа судьялик лавозимларига, 3 нафар номзод илк бор судьялик лавозимига тайинланди.

Тайинловларга оид очиқ танловларда ваколат муддати тугаган 6 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ деб топилди.( шу ўринда изоҳ: жорий йилнинг 1 июль ҳолатига суд тизимида вакант ўринлар сони 31 та (2,3 %) ни ташкил этади, 2020 йил 1 июль ҳолатида вакат ўринлар сони 238 тани (17,1 %) ташкил этган).

Судьялик лавозимига танлов ва тайинловларда гендер тенгликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган қисқа даврда соҳада фаолият юритаётган аёл судьялар сони кўпайиб, 181 нафарга етди. Уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Гендер тенгликни таъминлаш деганда фақат танлов ва тайинловлар билан чекланаётгани йўқ. Бу борада амалга оширилаётган ишларнинг ўзи алоҳида мавзу. Амалга оширилаётган ишлар натижаси сифатида Судьялар олий кенгаши  “Гендер тенглик фаоли – 2022” миллий танловининг “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи” номинацияси бўйича ғолиб бўлганини айтсак, нокамтарлик бўлмас.

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида бугунги кунда 139 нафар судьяликка номзодлар таҳсил олмоқда.  Ўтган олти ойда  ушбу даргоҳда 107 нафар судья, 84 нафар суд ходимлари малака оширди. 

Тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳам Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари сирасига киради.

Ўтган олти ойда судьялар фаолиятига аралашиш, уларнинг дахлсизлигига таъсир ўтказишга уриниш ҳолатлари бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокуратурага 3 та тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида 1 та жиноят иши қўзғатилди, 2 та ҳолат ўрганилмоқда.

2023 йилнинг ўтган олти ойида фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 128 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари,
— 12 нафар судья одил судловни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйганлиги ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмаганлиги учун; 

— 11 нафар судья ўз аризасига кўра; 

— 1 нафари судья бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан;

— жами 22 нафар судья лавозимидан озод қилиниб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган.

Судьялар олий кенгаши томонидан ишга туширилган судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг дастури инсон омилисиз уларнинг фаолиятини холис баҳолашга хизмат қилмоқда. Рейтинг кўрсатгичлари ва самарадорлик кўрсаткичи юқори бўлган 20 нафар судья Президент Фармони асосида таъсис этилган “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди. 37 нафар судья ва суд фахрийларига “Суд фахрийси” кўкрак нишони топширилди. Самарадорлик кўрсаткичи қониқарсиз (56 баллдан паст) бўлган 27 нафар судьянинг малакасини ошириш бўйича комплекс чоралар кўрилди.

Бундан ташқари, Кенгаш томонидан судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ҳам ишга туширилди. Жорий даврда 120 нафар судья психологик тест топширди. Унинг натижаларидан келиб чиқиб, жойларда судьялар учун психологик тренинглар ўтказиб келинмоқда.

Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби фаолияти ҳам янги босқичга кўтарилди.  Ўзбекистон судьялар клуби судьяларнинг ўзаро мулоқот асосида судьялар малакасини ошириш ва ягона суд амалиётини жорий этишга кўмаклашишга хизмат қилмоқда. Судьялар клубининг онлайн форумида судьялар томонидан суд амалиётидаги ҳолатлар бўйича 10 мингдан зиёд мавзуда 259 мингдан ортиқ хабарлар, фикр ва мулоҳазалар қолдирилган. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, суд ишларига арашлашганлик учун жавобгарлик асослари, шунингдек, судларда давлат божини белгилаш ва ундириш масалаларига оид ҳуқуқий қўлланмалар тайёрланиб, уларнинг электрон шакллари Кенгаш веб-сайтига жойлантирилди.

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тизимда бадиий ижод билан шуғулланадиган  судьялар учун “Ижодкор судьялар клуби” ташкил этилди. Айни пайтда бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб келаётган судьяларнинг машқларидан иборат тўплам тайёрланмоқда. “Маънавият бўлмаган жойда адолат бўлмайди” тамойилидан келиб чиқиб, судьялар учун “Ибрат мактаби” сифатида тизимда узоқ йиллар ҳалол ва самарали фаолияти кўрсатган тизим фахрийларининг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Уч машҳур ўзбек аёли”, “Муносиб яшамоқ бахти” китоблари нашр этилган эди, бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида давомида иккита ёқимли янгилик юз берди. Биринчиси – Канаданинг Оттава шаҳрида бўлиб Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилотининг (IOJT) конференцеясида Судьялар олий кенгаши мазкур халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Ҳозирги кунда Германия, Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Эстония, Корея, Қозоғистон, Индонезия ва Канада Республикалари судлари билан ҳуқуқий ҳамкорлик ўрнатилмоқда. 

Иккинчи янгилик: шу йилнинг май ойида Марокаш қироллигида бўлиб ўтган Халқаро аёл судьялар ассоциациясининг XVI конференциясида тизим тарихида биринчи марта Ўзбекистон аёл судьялари делегацияси иштирок этди. Якунда ўзбекистонлик уч нафар аёл судья мазкур халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер