Ўтган олти ойда 6 432 790 та давлат хизматлари кўрсатилди — Адлия вазирлиги

17:19 12 Июль 2023 Жамият
643 0

Бугунга келиб давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар арифметик прогрессия суръатида ошиб бормоқда.

Ўтган йил давомида 12 млн.га яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг 1 яримида жами 6 432 790 та давлат хизматлари кўрсатилди.

(Маълумот учун: 2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги давлат хизматлари фақат тадбиркорлик субьектларига кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларига 280 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Ҳар куни ўртача 70-75 минг фуқароларимиз Давлат хизматлари марказларига ташриф буюришмоқда).

2023 йилнинг 1 яримида 24 та янги давлат хизмати ишга туширилди. Шулардан 12 таси Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интрактив давлат хизматлари порталида, қолган 12 таси “Лицензия” ахборот тизимида.

Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида Андижон вилоятининг Жалақудуқ, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ҳамда Қашқадарёнинг Кўкдала туманларида замонавий ДХМ бинолари фойдаланишга топширилди.

Маълумот учун: Бугунги кунда республиканинг 208 та туман (шаҳар) ларидан 184 тасида замонавий Давлат хизматлари марказлари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ушбу биноларнинг 79 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган.

Бундан ташқари фуқароларимизга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км. узоқ, тоғли ҳудудларда 138 та филиаллар фаолият йўлга қўйилган.

Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ваколатли органлар томонидан йўл қўйилган бир қатор қонунбузилишлар аниқланган.

Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар томонидан 64 853 та қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди, шундан 46 078 таси муддат бузилиш, 7 660 таси ортиқча ҳужжат талаб қилиш, 1 188 таси тўғридан-тўғри давлат хизматларини кўрсатиш, 4657 таси асоссиз рад этиш, 20 таси ваколатли идоранинг қонуний талабини бажармаслик, 5 250 таси бошқа қонун бузилиши ҳолатларини ташкил қилади.

Шундан соғлиқни сақлаш идораларида 8 966 тадан, кадастр ташкилотларида 8 728 тадан, қурилиш ва архитектура идоралалрида 6 291 тадан, “Ўзсувтаъминоти” АЖда 5 308 тадан, “Ҳудудгазтаъминот” АЖда 4 776 тадан ортиқ қунун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Текшириш ва ўрганиш натижалари бўйича 4 266 та таъсир чоралари қўлланилди. Жумладан, ваколатли идораларга 209 та тақдимнома, 1 365 та огоҳнома киритилиб, 386 нафар масабдор шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди ҳамда 2 305 нафар масъул шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Киритилган тақдимномалар натижасида тегишли ташкилотларнинг 264 нафар ходимларига нисбатан интизомий, 2 305 нафар масъул шахсларга нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер