Ўш шаҳри мэри бошчилигидаги делегация Андижон вилоятига ташриф буюрди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар билан очиқ ва дўстона ҳамкорлиги қардош халқлар ўртасида иқтисодий, ижтимоий ва маданий ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Ана шундай ҳамкорлик доирасида Ўш шаҳри мэри Алмазбек Мамбетов бошчилигидаги делегация Андижон вилоятига ташриф буюрди.
— Андижон вилоятида тадбиркорлик ва ҳунармандчилик тез фурсатда ривожланиб бормоқда, — дейди Ўш шаҳри мэри Алмазбек Мамбетов. — Бу ҳам бўлса мамлакатингизда шу йўналишларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасидир. Келгусида Ўш шаҳрида андижонлик тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг мунтазам савдосини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу нафақат савдо айланмасини шакллантиради, балки ўзаро тажриба алмашиш имконини ҳам беради. Қолаверса, туризм бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш пайти келди, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, 2021 йилда Қирғизистондан Андижонга келувчи сайёҳлар сони аввалги йилларга нисбатан кескин ортди. Хусусан, ўтган йили қўшни давлатдан 7 минг нафардан ортиқ сайёҳ Андижон вилоятига ташриф буюрди. Уларнинг аксариятини зиёрат ва тиббиёт туризми йўналишларида келувчилар ташкил этган. Тиббиёт туризми бўйича жорий йилнинг ўтган даврида Қирғизистондан 1 минг 500 нафар меҳмон даволаниш ва дам олиш мақсадида Андижонга келди. Улар асосан Хонобод шаҳридаги «Хонобод сиҳатгоҳи», Қўрғонтепа туманидаги «Соғлом авлод» даволаниш маскани, Шаҳрихон туманидаги «Шифо нур инвест» сингари қатор тиббиёт комплексларида даволанганлар ва саломатлигини тиклаш мақсадида профилактик назоратда бўлганлар.
Умуман олганда, Қирғизистон Республикаси ва Андижон вилояти ўртасида ўтган йили савдо айланмаси 330 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Қўшни давлатга Андижондан 95 миллион долларлик тўқимачилик саноати, 42 миллион долларлик мева-сабзавот ва 163 миллион долларлик бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди. Қирғизистон Республикасидан эса вилоятга 10 миллион доллар қийматдаги кўмир, 14 миллион долларлик цемент, 83 минг долларлик картошка келтирилди.
Икки қардош ҳудудлар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда бу борадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг