Орзулари ушалган бошработликлар

12:48 05 Ноябрь 2025 Жамият
144 0

Сурхондарёнинг тоғ бағрида жойлашган Бойсун туманидаги Бошработ маҳалласи узоқ йиллар давомида вақт шамолларига қарши туриб келди. Йўллар чанг-тупроқ, деворлар пахса, инфратузилма эса ўтган аср соясини эслатарди. Аммо бугун бу гўшада янги тарих ёзиляпти — “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” лойиҳаси доирасида “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури бу жойни ҳақиқий ислоҳотлар марказига айлантирмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган дастур асосида вилоят бўйича 30 та оғир аҳволдаги маҳалла қамраб олинган. Улар орасида Бошработ ҳам бор. Дастур доирасида бу ерда 6 километрга яқин ички йўллар таъмирланмоқда. Икки километр сув ва канализация тармоқлари янгидан қурилмоқда. Икки юздан ортиқ хонадонда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳалланинг 4 та ижтимоий соҳа объекти — мактаб, болалар боғчаси ва тиббиёт пункти, маҳалла идораси реконструкция қилинмоқда.

— Аввал йўлимизда машина юриши қийин эди, ҳар ёмғирда кўчалар ботқоққа айланарди, – дейди маҳалла фаолларидан бири Саттор бобо Боймаматов. – Энди эса ҳар куни техника ишлаяпти, кўчаларимиз асфальтланмоқда. Бу ўзгаришлардан хурсандмиз.

Бугунги кунда Бошработда нафақат йўллар, балки одамларнинг кайфияти ҳам янгиланмоқда. Электр ва сув тармоқлари бутунлай алмаштирилмоқда. Янги гулзорлар, яшил майдонлар барпо этилмоқда. Пиёдалар йўлаклари қурилиб, маҳалланинг марказий қисмида “Бирдамлик” номли майдон ташкил этилди. Бу ерда аҳоли тадбирлар ўтказиши, болалар эса дам олиши учун қулай шароитлар яратилган.

Дастурнинг яна бир муҳим жиҳати — иш ўринлари яратиш. Бошработда ҳозиргача 65 та янги иш ўрни ташкил этилди. Маҳалланинг ёшлари ва хотин-қизларига мўлжалланган кичик устахоналар, тикувчилик цехи, иссиқхоналар ташкил этилди. Ижтимоий реестрдаги оила хонадонларида шароитлар яхшиланди, 20 нафар ёшга микрогрант асосида бизнес бошлаш имкони берилди.

— Энг катта ўзгариш — одамлар онгида, — дейди Бошработ МФЙ раиси Муҳаммади Эрмаматов. — Илгари фуқаролар кўнглида “бу ерда ҳеч нарса ўзгармайди”, деган фикр ўрнашиб қолганди. Энди ҳамма ҳаракатда, эртанги кунга умид бор, яхши яшашга интилмоқда.

Бошработдаги барча ишлар маҳалла фаоллари, нуронийлар ва аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳар бир лойиҳа одамларнинг реал эҳтиёжларига асосланмоқда: йўл, сув, электр, иш ўрни — буларнинг ҳар бири янги ҳаёт сифатида аҳоли қалбига қувонч улашмоқда. Кечаги тоғ орасидаги оддий қишлоқ бугун замонавий, имкониятларга бой, фаровон масканга айланди. Бу нафақат қурилиш ёки таъмир, балки халқ қалбидаги ишончнинг қайта жонланиши, меҳнат ва меҳр билан қурилаётган янги ҳаётнинг рамзидир. Бошработ аҳолиси бугун шод — чунки уларнинг маҳалласига нафақат техника, балки эътибор, меҳр ва умид келди.

Фарҳод ЭСОНОВ

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?