Ўрта Чирчиқдаги цехда 1,1 млрд сўмлик газ ўғирланди

19:30 12 Январь 2026 Жамият
364 0

Видеодан кадр

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида 1 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ҳудудгаз Тошкент» ГТФ комплаенс назорат тузилмалари, газ таъминоти бўлими ва Ўзенергоинспекция ходимлари иштирокида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган хатлов жараёнида «зангори ёқилғи»дан ўғринча фойдаланиш ҳолати фош этилган.

Туманнинг «Янги турмуш» МФЙда жойлашган «О.Т.М.» оилавий корхонасига қарашли зиравор ишлаб чиқариш цехида истеъмолчи ижро-техник ҳужжатларисиз тармоққа уланиб олган ҳолда, табиий газдан ноқонуний фойдаланаётгани аниқланган.

Билдирилишича, ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, 1 миллиард 10 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?