Орол йўлларининг яшил қалқони

14:23 29 Январь 2025 Жамият
195 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Яқинда Қорақалпоғистон бўйича амалга оширилган энг йирик лойиҳалардан бири бўлган халқаро аҳамиятидаги “Қўнғирот – Бейнеу” автомобиль йўлининг янгидан қурилган 240 километр қисми Президентимиз иштирокида тантанали равишда фойдаланишга топширилганди. Мазкур автомобиль йўли бўйини кўкаламзорлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида 2025 йилги саксовул экиш мавсуми бошланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, республика сектор раҳбарлари ва идора-ташкилот мутасаддилари иштирок этди. Уч авлод вакиллари ва депутатлар иштирок этган тадбирда Оролбўйида кенг кўламли майдонларга саксовул экиш ишларининг бошланиши, унинг ҳудуд экологияси, атроф муҳит мусаффолигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Мўйноқ туманида ҳам бўлиб, Орол денгизининг қуриган майдонларига саксовул экиш бўйича вазифалар белгиланганди. Шу тариқа Оролбўйида оммавий равишда саксовул экиш ишлари бошланиб, 2019 йилнинг ўзида 500 минг гектар майдонда экиш ишлари амалга оширилганди.

— Бугунги хайрли ишлар доирасида ушбу халқаро автомобиль йўлининг 314 километр қисмининг бўйида саксовул экиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг шўъба бошлиғи Айназаров Оразали. — Экиш ишларига 15 та масъул ташкилотлар бириктирилган бўлиб, жами 2 минг 800 гектар майдонда 1 миллион 150 минг донага яқин саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларни экиш назарда тутилмоқда.

Шу ўринда Оролбўйида ҳурматли Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик ҳолатни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида эътироф этиб ўтмоқчи эдим. Бу борада қилинган ишлар натижасида Орол денгизининг қуриган майдонларида жами 1,8 миллион гектар майдонга саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилди. Бундай эзгу ишлар бугунги кунда ҳам қизғин давом этмоқда. Юртимизда 2025 йил — «Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили» дея белгиланиши ҳам бежиз эмас. Тадбир иштирокчилари ҳудудда тайёрланган майдонларга саксовул кўчатларини экишди. Шу тариқа мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистралнинг Қорақалпоғистон ҳудудидан ўтувчи янгиланган йўл ёқаларига “яшил қоплама”лар барпо этиш ишлари бошланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?