Ўқувчиларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланади

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев вилоят, туман ҳокимларига ёз мавсумида мактаб, техникум, олийгоҳ, истироҳат боғларида меҳнат ярмаркаларини ўтказишни топширди. Давлат раҳбари бу орқали вакант ўринларга камида 150 минг ёшларни ишга жойлаштириш мумкинлигини айтган.
Ёз ойларида «қурилиш отрядлари»ни ташкил этиб, 100 минг ёшларни ойлик берадиган ишларга жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбиркорларнинг ёшларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш борасидаги ташаббуслари бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши таъкидланган.
Йиғилишда қайд этилишича, янги ўқув йилидан бошлаб мактаб, коллеж, техникум ўқувчиларини касбга ўргатиб, иш бераётган тадбиркорларнинг бу харажатлари солиқ базасидан чегириб ташланади. Ўқувчиларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланади.
Бундан кейин ҳам қизларнинг таълим олиши, даромад топиши, шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилиши таъкидланди.
Жумладан, оғир шароитга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунга қадар, ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади. Ҳокимларга ижтимоий уйларнинг намунавий лойиҳасини қилиб, қурилишни бошлаш топширилди.
Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизларнинг яшаб турган хонадонида масофавий иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.
Сўнг давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди. Сўзга чиққан йигит-қизлар бир қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.
Жумладан, мустақил Ўзбекистон темир йўллари ташкил топганининг 30 йиллигига темир йўл соҳасида халқаро форум ташкил қилиш, Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ёшлари билан экологик масалаларни доимий муҳокама қилиш мақсадида Халқаро кенгаш тузиш таклиф қилинди.
Юртимизда органик маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш, «Иқтидорли ёш кадрлар» электрон платформасини ишга тушириш, «Келажак касблари лойиҳаси» доирасида тил ўрганиш тартибини такомиллаштириш юзасидан фикрлар билдирилди.
Шунингдек, ёшлар кўчма «Шеърият театри»ни ташкил этиб, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти асарларининг таржималарини халқаро оммага етказиш ташаббуслари илгари сурилди.
Топ-100 таликка кирган университетларга кириш тартиблари, грант ютиш сирлари, бу олийгоҳларда ўқиш учун қандай стратегия тузиш бўйича ёшларимизни ўргатиш мақсадида оромгоҳлар ташкил этиш ва онлайн-платформа яратиш ва бошқа таклифлар ҳам билдирилди.
Президентимиз мулоқот чоғида билдирилган фикр ва таклифларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.
Йиғилиш якунида Президентимиз ёшларга кўмаклашиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш – энг хайрли ишлигини таъкидлади.
«Ҳар бирингиз ҳаётда муносиб ўрнингизни топишингиз учун, биз бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз», деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да ёшларнинг ахлоқий, интеллектуал, ижодий ва жисмоний ривожланиши учун ҳар бир лойиҳа ва ташаббус сўзсиз амалга оширилиши муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг