Она тилимизнинг толмас курашчиси
Фото: Wikipedia
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов адабий фаолиятни «сўз оламларига доимий саёҳат» деб таърифлаб, унинг моҳиятини чуқур очиб берган. Буюк мутафаккир ва донишмандларнинг таъкидлаганидек, адабиётнинг энг асосий қуроли ва воситаси тилдир.
Бадиий адабиётни «сўз санъати» деб номлашнинг чуқур мантиқий ва фалсафий асослари мавжуд. Айниқса, барча улуғ адиблар ва шоирлар ўз бадиий асарларининг тилига, ундаги ҳар бир сўз ва иборанинг танланишига алоҳида ва жиддий эътибор қаратади. Ушбу қадимий ва қутлуғ адабий-эстетик анъаналар Эркин Воҳидовдек атоқли адиблар томонидан ижодий тарзда давом эттирилгани миллий тилимизнинг ҳамда бадиий сўз санъати тараққиётининг энг муҳим ва самарали омилларидан бири эканини ишончли равишда кўрсатади.
Шоирнинг ўзи таъкидлаганидек, она тили бутун миллатнинг умумий мулки ва бойлигидир. Шунинг учун тил олдидаги масъулият ва вазифа ҳам умуммиллий характерга эга. «Мен ўзбекман» деб ҳис қиладиган ҳар бир инсон ўзбек тилининг ривожланиши ва соф ҳолатда сақланиши учун чин дилдан қайғуриши, ҳаракат қилиши зарур. Ҳақиқатан ҳам, бир миллатни бутунлай йўқотиб юбориш учун унинг она тилини ва тарихий хотирасини ажратиб олиш етарли. Адабиётнинг юраги бўлган шеъриятда тил ва миллий тарихий хотира тўлиқ мужассамланиб, бирлашиб қолади.
«Она тилимни муаззам ва улуғ десам. Эъзозлаб бошга кўтарсам, бунинг боиси ўзимники бўлгани, жонимга яқинлиги учун эмас. Шунга ишонганим, иймон келтирганим учун, менинг ҳам бир-икки тилдан хабарим бўлиб, қиёслаш имкониятим борлиги учундир», деб ёзган эди Эркин Воҳидов.
Адабий тилнинг ҳақиқий ва том маънодаги яратувчиси халқ ҳисобланади. Ҳар бир миллат ўз тилини мукаммал адабий даражага кўтаришга табиий ва ҳаётий эҳтиёжни сезаверади. Чунки ҳар бир халқнинг ўзига хос адабий тили нафақат унинг миллий ўзлигини яққол намоён этади, балки маданияти ва адабиётининг ривожланишида энг қудратли ва самарали восита сифатида хизмат қилади.
Тарихда ҳар бир миллатнинг ватанпарвар фарзандлари она тилларининг равнақи учун курашган даврларда ўз лисонининг устунликларини биринчи ўринга қўйиб, кенг тарғиб қилганлари бугунги кунда ҳам ибратли анъанага айланган. Шу нуқтаи назардан буюк мутафаккир ва бобомиз Алишер Навоийнинг қуйидаги мазмундаги фикрларини эсга олиш лозим: «Форс тилини афзал кўриб, унда ижод қилишни осонроқ, деб ўйлайдиган туркий ёшлар ҳақиқатни тўлиқ англамайдилар. Асл ҳақиқат шундаки, туркий тил уларнинг она тили бўлгани учун бу тилда ёзиш уларга анча осонроқдир, чунки болаликдан бу тилни мукаммал билишади ва унинг барча бойликлари ва имкониятлари уларга очиқ-ойдин кўринади».
Афсуски, Навоий даврига хос бўлган илмли одамлар учун машҳур бўлган ривоятлар, пайғамбарлар қиссалари ва тасаввуфий ақидаларни собиқ иттифоқ даврининг машъум сиёсати сабаб ўрганиш имкониятидан маҳрум бўлдик. Натижада Навоий тилини луғатлардан ўқиб тушунсакда, унинг чуқур мазмун-моҳиятини ва нозик бадиий санъатини тўлиқ англашда қийналмоқдамиз.
Ўзбек тилининг соф ва тиниқлигини ҳимоя қилган беназир шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг изчил ва самимий кураши бугунги глобаллашув даврида, миллий тиллар тараққиёти учун қайғуриш зарурати янада кучайган шароитда ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Машҳур адабиётшунос ва тилшунос олимларимизнинг таъкидлашича, шоирнинг сўз танлаш ва ундан фойдаланиш санъати ўзига хос ва ноёб ижодий маҳорат мактабига айланиши мумкин.
Жаҳон адабиёти тарихидан маълумки, улуғ адиблар бадиий асар тилига ва ундаги ҳар бир сўз ҳамда иборанинг маънавий-эстетик қийматига масъулият билан ёндашган. Алишер Навоийнинг поэтик маҳорати ва сўзга бўлган улкан масъулиятли муносабати бу борада энг олий намуна бўлиб, асрлар давомида ривожланган анъана бадиий ижоднинг муқаддас қонуниятига айланди.
Эркин Воҳидов ўз даврида она тилимизнинг толмас курашчиси бўлиб майдонга чиқди. Унинг ижоди, жумладан, «Сўз латофати» асари бу борада алоҳида эътиборга лойиқ. Китоб халқ тафаккурини бойитиб, тил бойлигини томчида қуёшдек акс эттиради. Муаллиф даҳо аждодимиз Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн»идан илҳомланган. Унинг анъанасини ихлос билан давом эттирган. Китобдаги туркий-араб-форс сўзлар этимологияси, халқ мақоллари шарҳлари шоир фалсафасини кўрсатади. «Гап кўп, кўмир оз, деган иборада мен чуқур маъно, тагдор фикр кўрмадим. Суҳбат чўзилса, сандалнинг чўғи совиб қолгани учун шундай дейдиларми? Бу гапда на бадиият, на ҳикмат бор.
Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўпку, умр оз бўлган.
Ку қўшимчасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр кўмирга айланган. Аслиятни тикласак, дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади». Бундай таҳлиллар шоирнинг миллий ғамларини ҳам акс эттиради.
1980 йилларга келиб Эркин Воҳидов ижодида миллий адабиёт истиқболи учун муҳим янги ғоялар пайдо бўлди. «Аввал Сўз келган, Оллоҳнинг «бўл» деган нидоси келган ва майда заррачалар оламидан янги Олам яралган. Агар шу илоҳий Сўз келмаганда олам кукунлигича қолган бўларди». Ушбу асар шоирнинг сўз билан боғлиқ ўй-фикрлари, илмий-назарий қарашлари, инсоний тажрибалари, миллий қадриятлар, урф-одатлар, маданий-диний дунёқарашини ифодалайди. Инсон ҳаётида сўзнинг аҳамияти, миллатлар ўртасидаги боғланиш ва инсоният бирлиги ғояси чуқур сезилади.
Эркин Воҳидов ижоди халқнинг барча қатламлари томонидан қадрланиб, севилиб ўқилади. «Сўз латофати» китобидаги «Ибтидо», «Уч дарёдан сув ичган денгиз», «Ахий, мен битдим», «Кенгуру ва белмес», «Бўйинбоғ десанг ўлармидинг» мақолалари унинг кенг фалсафий-илмий дунёқарашини намойиш этади. Шоир бадиий ва публицистик асарлари билан китобхон қалбларини забт этган.
«Уч дарёдан сув ичган денгиз» мақоласида шоир шундай дейди: «Ўзбек тилининг буюк денгизи ана шу уч буюк дарё — туркий, арабий ва форсийдан сув ичиш баробарида эски лотин, хитой, ҳинд, мўғул, рус, Европа тилларидан баҳраманд бўлган. Олимларимиз аллақачон унут бўлиб кетган кўҳна санскрит сўзларини ҳам тил хазинамиздан топганлар. Шу сабаб тилимиз бой. Ҳеч бир бошқа тилда бўлмаган шаклдош сўзлар санъати туюқ ўзбек тилида бор. Ҳеч бир бошқа халқда йўқ аския, сўз ўйини бизда мавжуд».
Навоий даври шеъриятида араб-форс сўз-иборалари (зуллисонайнлик) кенг тарқалган анъана. Улар халқларнинг тарихий-муштараклигини акс эттириб, тилларни бойитади ва шеър мазмун-оҳангини кучайтиради — бу умуминсоний қадриятларнинг баёнидир. Эркин Воҳидов шеър-достонларида ҳам ўзбек тили луғати ва тасвир воситалари усталик билан қўлланган, араб-форс унсурлари эса таъсирни оширган.
Зеро, Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ шоиримиз таъбири билан айтганда, бизнинг шундай улуғ шеъриятимиз бор, бойликда беқиёс она тилимиз бор. Тил миллатнинг бош белгиси ҳисобланади. Тил бор — миллат бор. Тил йўқ — миллат йўқ. Истиқлол унут бўлган давлатчилигимизни тиклади. Истиқлол унут бўлган давлатчилигимизни тиклади, йўқ бўлишга маҳкум қилинган тилимизни, демакки миллатимизни асради ва азиз қилди. Энди унинг биз йўқотиб улгурган бойлигини тиклаш, турлича «изм» тамғаларини қўйиб истеъмолдан чиқарилган сўзларни ўрнига қайтариш, бунинг учун мумтоз адабиётимизни чуқур ўрганиш ҳозирги авлод зиммасидаги шарафли бурчдир.
Маъсума МЎМИНОВА.
Шаҳрисабз давлат педагогика институти доценти вазифасини бажарувчи,
филология фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг