Она тилимизнинг ҳаётбахш қудрати

16:46 21 Октябр 2020 Маданият
534 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Репортаж

Янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда мустаҳкам таянчдир

«Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир».

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида таъкидланган ушбу фикрлар пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўтказилган байрам тадбирида яққол намоён бўлди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Қуёшнинг заррин ёғдулари кузнинг илиқ ва мусаффо ҳавосида янада жилоланиб, эрта тонгдан сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига йиғилган тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бахш этди.

Ўзбек тили ва адабиёти дарғаларининг салобатли ёдгорликлари жой олган сокин хиёбон байрамона шукуҳга чўмган. Майин шаббода, анвойи гуллар таровати дилларни сурурга тўлдиради. Ораста йўлакларда ташкил этилган китоблар кўргазмаси кишиларни илм-маърифатга, китобхонликка чорлаб турибди. Улкан мониторларда миллий тил ва адабиётимиз фидойиларининг Ватанга меҳр-муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларимизга садоқат, жумладан, она тилимизни асраб-авайлаш, софлигини сақлаш ва келгуси авлодларга уни безавол етказишга ундовчи дилбар шеърлари, сермазмун фикр-мулоҳазалари янграйди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, адабиёт, фан, маданият, спорт ва санъат намояндалари, тилшунос олимлар, талаба-ёшлар — кўркам хиёбонга ташриф буюрган барча инсонларнинг юз-кўзида миллий ғурур, қувонч ва эртанги кунга ишонч туйғулари балқийди.

Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, она тилимизга эътибор бу – халқимизга, унинг қадр-қиммати, орзу ва умидларига эътибор ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Табрикда таъкидланганидек, бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз. Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Дарҳақиқат, «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» дадил одимлаётган мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш борасида кейинги йилларда самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони маънавий-маърифий ҳаётимизда улкан тарихий воқеа бўлди. Унда она тилимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилди. 2020 йил 10 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон ҳамда «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор ушбу улуғ айёмда байрам туҳфаси бўлгани шубҳасиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тадбирда юртимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар халқимизнинг кўнглини тоғдек кўтариб, Ватанимиз тараққиёти, ҳаётимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларда куч-ғайратини янада юксалтириши таъкидланди.

Ўзбек тили байрами куни тадбирлари бутун мамлакатимизда, барча шаҳар ва қишлоқларда давом этмоқда.

Дилшод КАРИМОВ

(«Халқ сўзи»).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?