Она-табиат. Уни онамиз каби асрай оляпмизми?

12:44 16 Декабрь 2020 Жамият
32438 0

Дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарималар миқдори оширилди. Бу давлат бюджетига тушумларни оширишга қаратилган чорами ёки яшил табиатни асраб-авайлашга бўлган яна бир қадамми? Жиноят кодексининг 198-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 78, 79-моддаларига киритилган ўзгартишлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

Экологик муаммоларнинг аччиқ оқибатлари ҳақида гапирганда узоққа бориш шарт эмас. Орол денгизининг қуриб қолиши мисолида биз экологик инқироз келтириб чиқарадиган оқибатларнинг гувоҳи бўлдик. Атроф-муҳитга бундай масъулиятсиз муносабат она табиат томонидан жуда катта куч ва ғазаб билан жавоб қайтарилиши мумкинлигини бошдан кечирдик.

Бугун Ер шарининг экватор чизиғига яқин жойлашган давлатлар ҳудудига қурғоқчилик катта хавф солаётган, қирғоқларини океан сувлари ювиб турган мамлакатлар эса тошқинлар ва тўфонлар натижасида зарар кўраётганини кузатяпмиз. Умуман олганда бутун экотизим кўз олдимизда қуламоқда, ҳар йили ўн миллион гектаргача ўрмон йўқ бўлиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ҳар йили ҳаво ва сув ифлосланишидан тўққиз миллионгача одам вафот этади, бу коронавирус пандемиясининг ҳозирги зарарларидан олти баравар кўпдир.

Қонун ва нормативлар ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлар орқали жазо турларининг ортгани бу аввало, жиноят содир этиш даражасини камайишига олиб келиши шубҳасиз. Негаки, баъзи жиноятлар айнан жазо турининг мукаммал бўлмаганлиги, енгиллиги ва бошқа кўринишлари сабаб тез ва қайта содир бўлаверади. Бундай вазият қасддан ушбу ишга қўл урувчиларнинг жазодан кўра, қилган жиноятларидан кўпроқ манфаатдорлик топишлари ортидан бўлиши мумкин.

Бугунги глобал даврда инсониятни экологик муаммолар ҳам четлаб ўтганича йўқ. Яшил табиатни асраб қолиш учун аввало, уни қонунан қаъти ҳимоя қилиниши, қонунбузарликларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши лозим. Акс холда ҳар қандай қилинган кўкаламзорлаштириш, ўрмонзорлаштириш ишлари етарли даражада фойда бермайди.

Шунингдек, ушбу қонун бузилишларининг олдини олиш учун давлат мониторингидан рухсатномалар олиш тартибини ҳам кўриб чиқиш лозим бўлади. Негаки, баъзи ҳолларда аҳоли турмуш тарзи учун зарур бўлган ўсимликларни қасддан эмас аксинча ҳаётий эҳтиёж натижасида зарар етказишга мажбур бўлиб қолиши мумкин. Ушбу вазиятда содир бўлиши мумкин бўлган қонунбузарликни олдини олиш чоралари кўрилиши лозим. Яъни, дарахтларни кесиш, яшил табиатга зарар етказиш сабаблари пухта ўрганилиб чиқилиши зарур.

Куз-қиш мавсумида ўрмон, саксовулзор ҳамда бошқа ҳудудларда яшил табиатга тажовуз кучаяди. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатамизки, қонунбузарларнинг масъул ходимлардан юк машиналарида қочишлари ёки уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ҳолатлари мавжуд. Ҳаётий мажбурият юзасидан жиноятга олиб келувчи сабабларнинг олди олинмас экан, қонунларнинг такрор бузилиш ҳолатлари кўпайиб, биринчидан, коррупцияга, иккинчидан, мажбурий қонунбузарликка олиб келади.

Умуман олганда ҳар биримизда экологик маданият бўлмас экан, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмаси шаклланмас экан экологик хавф-хатарлар биз билан ёнма-ён бўлаверади.

Нодир ЖУМАЕВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?