“Ҳавони булғаманг, Жаноблар!”

Дам олиш кунлари миллионлаб одамлар фақат тоза ҳаво олиш учун боғларга, тоғларга борадилар. Чунки шаҳарда ҳавони ифлослантириш манбалари жуда кўп. Заводлар, ҳатто ёқилғида ишлайдиган машиналардан чиқадиган кўзга кўринмас тутунлар ҳам ҳавони ифлослантиради.
Ургут туманидаги “Деҳқонобод” маҳалласининг табиати сўлим бўлишига қарамай, кейинги пайтларда саломатлик учун энг хавфли ҳудудлардан бирига айланиб бормоқда. Бунинг сабаби ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокама қилинаётган оқова сув муаммоси бўлса, иккинчиси куз келди дегунча фермерларнинг далага тўкаётган зарарли ўғитларидир. Бир неча йилдан буён Ургут туман “Янги Ўзбекистон” массивидаги кўп қаватли хонадонлардан чиқаётган оқова ва “Эркин иқтисодий зона” ҳудудида жойлашган корхоналарнинг чиқинди сувлари Янгиариқ каналига оқизиб келинаётгани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Фақатгина экинларни суғориш, яъни вигитация давридагина сув оқадиган каналда чиқинди сувларнинг тўпланиб қолиши натижасида атрофга чидаб бўлмас даражада бадбўй ҳид тарқалмоқда. Бу биз нафас олаётган ҳаво, саломатлигимизни ўйлаб қайғурмасликнинг ҳеч иложи йўқ.
– Мирзақишлоқ маҳалласи ҳудудида оқова сув тозалаш иншооти қурилган, – дейди “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инженеринг компанияси” давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Асрор Насимов. – 2019 йилда фойдаланишга қабул қилинган иншоот оқовани бактериологик тозалашга мўлжалланган. Айни пайтда ускуналар ишлаб турибди. Қайта ишланган техник сув шу каналга ташланмоқда. Мазкур оқова сув тозалаш иншооти тумандаги кўп қаватли уйларда яшовчи 22,7 минг аҳоли, 75 та ишлаб чиқариш ва бошқа объектларга хизмат кўрсатади. У суткасига 1000 куб метр оқова сувни тозалашга мўлжалланган. Аммо бугунги кунда завод-фабрикалардан турли кимёвий моддалар оқоваси келиб тушиши оқибатида иншоотнинг қурилмаларига зарар етиб, тез-тез ишдан чиқмоқда. Бу ерга келаётган оқова миқдори иншоотнинг қайта ишлаш қувватидан икки баробар ортиқ бўлганлиги туфайли ортиқча сувни тўғридан тўғри каналга қуйишга ҳам тўғри келмоқда.
Маълумки, оқова сувлар тозалаш иншоотида тозалангандан кейин ундан чиққан техник сув доимий равишда оқиб турадиган сув ҳавзаларига ташланиши лозим. Янгиариқ каналига эса фақатгина экинларни суғориш пайтида сув берилади. Мирзақишлоқда қурилган тозалаш иншоотида бу жиҳат ҳисобга олинмаган.
Туманнинг Ўрамас массивидаги Ғиштмачит қишлоғи ҳудудида бир кеча-кундузда 10 минг куб метр оқовани қайта ишлашга мўлжалланган иншоот қурилиши бошланганди. Аммо мазкур иншоот маблағ етишмаслиги сабабли ҳамон қуриб битказилмади. Яна бир муаммо фермерлар билан боғлиқ. Айни кунларда фермерлар далалардаги экиндан бўшаган майдонларга маҳаллий ўғитлар сепмоқда. Ҳа, нима бўлибди, ерни озиқлантириш мақсадида сочяпти-да дейишингиз мумкин. Тўғри, аслида шундай, лекин буни ҳеч кимга зарар етказмай бажариш керак-да! Биласиз, баъзи бир маҳаллий ўғитларнинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмайди. Фермер уни даласига сочгандан кейин тезда ерни техникада ағдариб чиқмайди. Бир неча кунлаб очиқ майдонда қолиб кетаётган бундай ўғитлар ҳам тоза ҳаводан нафас олишга имкон қолдирмаяпти.
– Янги ариқ каналига сув қуйилганча ушбу каналга оқизилаётган оқова ва чиқинди сувларнинг тўпланиб қолишидан азият чекиб келамиз, – дейди Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Бобур Бойматов. – “Тоза ҳудуд”дан машина келмаслиги боис аҳоли чиқиндини далага ташлашга мажбур бўлаётгани ҳам жиддий масала эди. Энди фермерларнинг далага тўкаётган маҳаллий ўғитлари азоб бермоқда.
Маҳалладагиларнинг мурожаатидан кейин шу масалада ёрдам сўраб вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутасаддиларига чиқдик. Улар “Бу ҳолатда экология бузилиб, ҳаво ифлосланмаяпти, биз ҳеч нарса қила олмаймиз, санитар ҳолатнинг бузилишига вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик бошқармаси масъул, улар чора кўришга ваколатли”, деган жавобни беришди. Шу асосда вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик бошқармаси масъулларига боғландик. Хуллас, сансалорликдан кейин қаерга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдик. Жўяли жавобни эса масъуллардан кутиб қоламиз.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг