Ўн тўққиз миллиардлик «сирли» қарз

10:07 05 Ноябрь 2020 Жамият
441 0

Иллюстратив фото

Қашқадарё вилоятида 54,2 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлса, бу кўрсаткич Ғузор ва Деҳқонобод туманларида 2 фоиздан ортиқроқни ташкил этади, холос.

Албатта, юртимизда сувдан оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, сув истеъмоли ҳисобини юритишнинг инновацион тизимларини жорий этиш, шу жумладан, соҳада сув таъминоти ва ишлаб чиқаришда изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бироқ, айрим ҳудудларда сув истеъмолчиларига бўлган муносабат ҳамон эскилигича қоляпти. Буни давлат вакиллик ва ҳокимият органлари ҳамда оммавий ахборот воситаларига келиб тушаётган мурожаатлардан ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, Қарши шаҳрида ичимлик суви тизимини қайта таъмирлаш, аҳолига узлуксиз етказиб бериш бўйича барча ташкилий ва молиявий масалалар ҳал этилган. Аммо, режадаги ишларнинг бажарилиши ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сабабли камчилик-нуқсонларга йўл қўйилмоқда. Яъни, белгиланган муддатдан ҳам ортиқ вақт давомида шаҳар аҳолисига ичимлик суви етказиб беришнинг тўлиқ тўхтатилиши, босимнинг пастлиги ёки маълум бир соатларда бериш ҳолатлари кузатилмоқда.

Афсуски, масъул идора вакиллари томонидан бундай ўзи бўларчиликларга аҳолининг кескин эътирозларидан ке­йингина чора кўриляпти. Бу, ўз навбатида, истеъмолчилар ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келиши баробарида, одамларнинг ҳақли норозиликларига ҳам сабаб бўляпти.

Бундан ташқари, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўлов ундиришда ҳам муаммолар етарли даражада. Масалан, биргина Қарши шаҳри бўйича аҳолининг қарздорлиги 19 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Бунда аҳоли хонадонларида сув ҳисоблагич ускуналари ўрнатилмаган қисмига одам бошига тўлов белгилангани, сув таъминотидаги узилишлар боис аҳолининг ўзи сувни ташиб келса ҳам уларга қарздорлик ҳисобланиши сабаб бўляпти.

Шу ўринда, бу каби ҳолатлар бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари белгиланган тартибда ўрганиш ишларини олиб бориб, масъулларга қонуний чора кўрсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?