Олмалиқдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳбус вафот этди

13:24 18 Февраль 2025 Жамият
317 0

Фото: Иллустратив

Ижтимоий тармоқларда Олмалиқдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг вафот этгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили маълумот берди.

14-сон жазони ижро этиш колонияси навбатчилик қисми томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 14 февраль куни соат 22:45 да жазо муддатини ўтаётган маҳкум соғлиғида ўзгариш сезгани сабабли колония шифокорларига мурожаат қилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг ҳам унинг ҳолати яхшиланмагани сабабли, у Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига ётқизилади.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, маҳкум 15 февраль куни соат 01:00 да шифохонада гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Марҳумга суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, марҳумнинг онаси жорий йилнинг 26-28 январь кунлари ўғли билан узоқ муддатли учрашувда бўлгани ва у соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикоят қилмаганини билдирган.

«Ҳозирда мазкур ҳолат Омбудсман ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилмоқда. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Омбудсман томонидан мурожаат юборилди», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?