Ўлим даражаси — 43 фоиз: Хитойда эпидемияга сабаб бўлган янги вирус ҳақида яна нималар маълум?

COVID-19 пандемиясидан беш йил ўтиб Хитойда янги вирус тарқалиши кузатилмоқда. Бу инсон метапневмовируси (HMPV) бўлиб, у одатда енгил кечади. Аммо организми заиф беморларда касаллик пневмониянинг ривожланишига ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.
Расмий Пекин ҳеч қандай даҳшатли нарса юз бермаётганига ишонтирмоқда. Бироқ ижтимоий тармоқларда гавжум касалхоналар акс этган видео ва фотосуратлар кенг тарқалмоқда.
Хитойдан ташқари Қозоғистонда ҳам юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Манбаларга кўра, ушбу мамлакатда 30 та ҳолат тасдиқланган.
Хитойда инсон метапневмовируси (HMPV) эпидемияси юзага келди, дея хабар бермоқда Хитой Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бошқармаси. 23 декабрдан 29 декабргача касалхоналардан олинган нафас олиш йўлларининг намуналари грипп вируси, инсон метапневмовируси (HMPV) ва риновирус учун ижобий натижалар берди.
Хитойда 14 ёш ва ундан кичик ёшдаги болаларда метапневмовирус билан касалланиш кўпаймоқда. Ушбу касаллик мамлакатнинг шимолий ҳудудларида кўп тарқалган.
“Daily Star” нашрининг ёзишича, вирус аллақачон маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимига босим юкламоқда. Таъкидланишича, патоген ўпкага ҳужум қилиб, COVID-19 ва гриппга ўхшаш симптомларни келтириб чиқаради.
Тайваннинг “Money UDN” нашрига кўра, метапневмовирусдан ўлим даражаси 43 фоизни ташкил қилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Хитой расмийлари ҳозирча фавқулодда ҳолат эълон қилгани йўқ. “The Independent” нашрининг ёзишича, Пекин муаммо кўламини камайтирмоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нингнинг айтишича, вируслар кўпинча қиш мавсумида тарқалади ва бу одатий ҳодиса.
“Сизни ишонтириб айтаманки, Хитой ҳукумати Хитой фуқаролари ва Хитойга келаётган чет элликларнинг соғлиғи ҳақида қайғурмоқда”, деди Мао. Шу ўринда унинг қўшимча қилишича, Хитой бўйлаб саёҳат қилиш хавфсиздир.
Фақат Хитойда эмас
Хитойдан сўнг Қозоғистон ҳам метапневмовирус билан касалланиш ҳолатлари ҳақида эълон қилди. Қўшни республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, 2024 йилнинг 1 октябридан буён мамлакатда мазкур вирус билан боғлиқ 30 та ҳолат аниқланган.
“Инсон метапневмовируси ўнлаб йиллар давомида кўплаб мамлакатларда айланиб келаётган классик вируслардан биридир”, — дейилади идора баёнотида.
Қозоғистонда метапневмовирус билан касалланишнинг ўсиши 1,6 фоизни ташкил этган. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тушунтиришича, касаллик асосан ҳаво-томчи орқали юқади, маълум даражада эса маиший алоқа орқали. Асосий симптомлар орасида йўтал, буруннинг оқиши, нафас қисилиши, иситма, бош оғриғи мавжуд бўлиб, инфекциянинг ўзига хос давоси йўқ.
Бундан ташқари, Буюк Британияда вирус учун ижобий тестлар сонининг кўпайиши қайд этилган. Ушбу мамлакатда барча текширилган беморларнинг 4,5 фоизида HMPV аниқланган.
HMPV нима?
HMPV — шамоллаш ва гриппга ўхшаш аломатлари бўлган респиратор вирус. Касаллик одатда енгил, аммо баъзи ҳолларда пневмония каби жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Юқори хавф гуруҳига беш ёшгача бўлган болалар, айниқса чақалоқлар, катталар, айниқса 65 ёшдан ошганлар ва иммунитети заиф ёки сурункали нафас олиш касалликлари, масалан, астма ёки сурункали обструктив ўпка касаллиги бўлган одамлар киради.
Биринчи марта 2001 йилда аниқланган HMPV — бу нафас олиш томчилари ёки ифлосланган юзалар билан алоқа қилиш орқали тарқаладиган бир занжирли RNK вируси.
Вируснинг инкубация даври уч кундан беш кунгача. Профилактик чора-тадбирлар ниқоб кийиш, қўлларни тез-тез ювиш ва иммунитетни мустаҳкамлашдан иборат.
2023 йилда Голландия, Буюк Британия, Финляндия, Австралия, Канада, АҚШ, Ҳиндистон, Малайзия ва Хитойда HMPV инфекцияси ҳолатлари қайд этилган.
Ўзбекистонда вазият қандай?
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, юртимизда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келиняпти ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган.
— Метапневмовирус аввалдан маълум инфекция бўлиб, биринчи марта 2001 йилда аниқланган, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Икрамов. — Касаллик асосан ҳаво-томчи йўли орқали ёки баъзи ҳолатларда ифлосланган юзалар билан алоқа натижасида юқади ҳамда тарқалади.
Таъкидланишича, касалликни даволаш одатда симптоматик бўлиб, асосан уй шароитида беморнинг аҳволини енгиллаштиришга қаратилган муолажалар қўлланилади. Оғир ҳолатларда кислородли терапия ёки касалхонага ётқизиш талаб қилиниши мумкин.
Метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- АҚШда журналист қиз Трампнинг юзига микрофон билан уриб юборди
- Энди таълим гранти талабаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар йили қайта тақсимланади
- Ўзбекистонда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади
- «Қамчиқ» довонида фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда. Қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилган
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети QS рейтингида ТОП–500 таликдан жой олди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг