Океандан йироқмиз, имкондан эмас

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда балиқ чавоқлари ишлаб чиқариш ҳамда табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўллардан самарасиз фойдаланиш узоқ йиллар балиқчилик тармоғининг энг заиф бўғини сифатида қолиб кетганди. Натижада сунъий кўлларнинг ҳосилдорлиги бир гектарда 20 центнердан ошмасди. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам паст. Навоий вилоятида интенсив усулда балиқчиликка ихтисослашган хўжаликларда бугун гектаридан 30-35 тоннагача балиқ олинмоқда. Унга қадар бу ҳавзаларда ҳосилдорлик 2 тоннадан ҳам ошмаган.
— Балиқчилик билан шуғулланиш мумкин бўлган 800 минг гектарлик кўл ва сув омборлари сатҳининг 175 609 гектари вилоятимиз ҳудудига тўғри келади, — дейди «Навоийбалиқсаноат» МЧЖ раҳбари Панжи Рўзиқулов. — Зарафшон дарёси Хатирчи, Кармана, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларидан ўтиб, ўнг ва сўл соҳилларида балиқчиликни сунъий ҳавзаларда қафас усулида ривожлантиришнинг қулай имкониятлари мавжуд. Бироқ, мавжуд сув сатҳининг 1/8 қисмидагина 252 та балиқчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари фаолият юритади. Шундан 480 гектари тўлиғича интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилган.
Вилоят ҳудудидаги йирик сув ҳавзаларидан бири — Тўдакўл қарийб йигирма бир минг гектар майдонни эгаллаб, асосан суғориш мақсадларини назарда тутади. Шунга қарамасдан, узоқ йиллар ундан балиқчилик ҳавзаси сифатида ҳам фойдаланилиб, кўлда балиқ кўпайтириш, тақсимлаш ва овлаш ҳамда турли касалликлардан ҳимоя қилиш вазифалари турли идоралар зиммасига юкланганди. Бу бошбошдоқлик ва табиий неъматлардан хўжасизларча фойдаланишларга йўл очиб, унинг оқибатлари йиллар ўтиб, ўзини кўрсатди. Буни рақамда ифодаласак, янги минг йиллик арафасида ҳавза ҳосилдорлиги гектарига тўрт ярим килограммга тушиб кетди.
Бугун «Тўдакўл» сув ҳавзасида фаолият юритаётган биргина «Golden layk fish» МЧЖ томонидан 2019 йилда Венгрия давлатидан 390 дона «венгер карпи» зотли ота-она балиқлар тўдаси олиб келиниб, ишлаб чиқариш илмий асосда йўлга қўйилди. Венгрия генетика институти олимлари билан яқин ҳамкорлик балиқ турини кўпайтириш, зотини яхшилаш, иқлим ўзгаришига чидамли, жаҳон бозорида харидоргир балиқ маҳсулотлари тайёрлаш имконини яратди. Натижада 20 млн дона балиқ чавоқлари, жумладан 6000 дона иқлимлаштирилган ота-она «венгер карпи» балиқлари етиштирилди. Эронлик инвесторлар билан ҳамкорликда балиқларни қафас усулида боқишга мўлжалланган, хитойлик ишбилармонлар билан 10 минг донадан балиқ етиштириладиган ускуналар келтирилиб ўрнатилди. Ушбу чоралар самараси ўлароқ, балиқ етиштириш ҳажми ўтган йили 5,5 минг тоннадан оширилди. Энг муҳими, тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолига сифатли парҳезбоп маҳсулот етказиб бериш билан бирга, интенсив усулда балиқ етиштириш тажрибаси оммалашиб, республикамизнинг турли ҳудудларидан айнан, Тўдакўлда етиштирилаётган балиқ чавоқларини харид қилиш учун келаётган ишбилармонлар сони кўпайди. Хориж технологиялари асосида интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўяётган хўжаликлар томонидан Навбаҳорда 150, Қизилтепада 120, Карманада 100, Хатирчида 60 ва Конимехда 50 гектар сунъий сув ҳавзалари интенсивлаштирилди.
— Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 15 та маҳаллада 220 та аҳоли хонадонлари вакилларини жалб қилган ҳолда балиқ етиштириш ишлари ташкил этилди, — дейди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Мақсуд Остонов. — Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор, Хатирчи, Конимех туманларидаги аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш ишлари ташкил этилиб, умумий қиймати 63 млрд.сўм бўлган қўшимча 12 та ҳудудий лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 97 та янги иш ўринлари яратилди. Энг муҳими, ўтган йилда вилоятдаги барча хўжаликлар томонидан 14,7 минг тонна балиқ етиштирилиши ва овланишига эришилди. Жорий йил якунига қадар 900 гектар мавжуд сунъий сув ҳавзаларига аэратор мосламаларини ўрнатиш ва балиқларни баланслаштирилган омихта ем маҳсулотлари билан озиқлантириш ҳисобига балиқ етиштириш ҳажми 4-5 баробарга оширилади. 1 гектар ҳавзага 3 тадан жами сув ҳавзаларига 2700 та аэратор мосламаларини ўрнатиш ишлари тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилади. Натижада 900 гектар сув ҳавзаларида 22,5 минг тоннагача балиқ етиштирилади. Қўшимча 470 та янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, умумий қиймати 130,5 млрд.сўм бўлган қўшимча 13 та ҳудудий лойиҳалар ишга туширилади. Жумладан ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб, 900 та аҳоли хонадонларини жалб қилган ҳолда интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Мазкур дастурлар доирасида яқинда Навбаҳор туманида жойлашган «YASHIL OROL BY grand» масъулияти чекланган жамияти томонидан супер интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси тўлиқ ишга туширилди. Ушбу балиқчилик хўжалиги томонидан 16 гектар майдондан иборат кўлларда асосан сазан ва оқ дўнгпешона балиқлари етиштирилади. Супер интенсив усулда балиқ етиштириш учун ускуналар билан бир қаторда, кўп миқдорда электр энергияси ҳам талаб этилади. Балиқ таннархини барқарор сақлаш, сарф-харажатларни камайтириш мақсадида айнан ушбу хўжалик томонидан 6 гектар майдонга 120 квт/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Кунлик электр энергиясига бўлган талаблар қуёш панеллари томонидан ишлаб чиқарилаётган қувватлар эвазига қопланмоқда. Шунингдек, кунлик эҳтиёждан ортган қисми аҳолига сотилмоқда.
Вилоятда балиқчилик соҳаси равнақининг яна бир манбаи Айдаркўл сув ҳавзаси ҳисобланади. Мазкур ҳавза 1969-1970 йилларда сув кўплигидан Чордара ГEСи тўғон ўпирилишининг олдини олиш мақсадида Конимех, Нурота туманлари ҳудудларига сув ташланиши натижасида ҳосил бўлган. Кўлнинг умумий майдони уч минг квадрат километр атрофида бўлиб, ҳавзада қарийб 10 миллиард куб метр сув тўпланган. Афсуски, 2005 йилдан буён кўл юзаси муттасил равишда қисқариб бормоқда. Ушбу ҳол нафақат кўлда балиқчилик, балки ҳавзанинг фауна ва флора оламига таҳдид солмоқда. Кўл атрофидаги экотизимнинг ўзгариши бу қушларнинг ҳам миграция йўлларини ўзгартиришига олиб келади. Айдаркўлда сув ости оқимлари мавжуд эмаслиги сабаб Ғарб томон қанчалик борилса, сув шунчалик шўрлашиб бораверади. Яъни, Ғарбдаги минерализация – бир литрга 8 граммдан ортиқроқ бўлиб, бу Шарққа нисбатан 3-5 грамм кўп демакдир.
Шунга қарамасдан Айдаркўлда балиқларнинг сазан, оққайроқ, зоғора, лаққа, лешсимон майда балиқ, судак каби турлари яшайди. Афсуски, узоқ йиллар кўлдаги балиқларни овлаш ишларининг шунчаки назорат қилинмаслиги, кейинчалик балиқ овлашга рухсат берилиб, уни кўпайтиришнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ҳавзада балиқ унумдорлигига жиддий зарар етказди. Айдар-Арнасой кўллар тизимидан самарали фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ҳамда ҳудудда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан тизимли фойдаланишни ташкил этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 февралдаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши барча бошбошдоқликларга чек қўйди. Қарорга мувофиқ, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг «Арнасой» сув омбори ҳудудида балиқ овлашга бир йил муддатга мораторий эълон қилинди. Бунинг натижасида сув омборини балиқлантириш мақсадида илмий-асосланган ўрганишлар амалга ошириш, инкубация цехлари ва репродуктор ҳавза имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда балиқ увулдириқлари ишлаб чиқариш қувватларини йилига 100 млн. донага, балиқ чавоқлари етиштириш қувватларини 15-20 млн донага етказишга эришилади. Мазкур балиқ чавоқлари билан кўллар тизимини балиқлаyтириш, кўллар тизими ва унинг атроф-муҳит имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда инвестицияларни кенг жалб қилиб, маркетинг йўлга қўйилади. Қайта ишлашни ривожлантириш асосида 1 000 та иш ўрни яратилади. Албатта, мазкур тадбирлар ҳавзанинг фауна ва флорасини сақлаб қолиш билан бирга, ўз навбатида, аҳоли дастурхонига сифатли, ҳамёнбоп балиқ маҳсулотлари етказиб бериш, балиқ истеъмоли кўламини кенгайтириш ҳамда талабдан ошиғини экспортга йўналтириш имконини беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг